ЎзА Ўзбек

21.08.2018 11:12 Чоп этиш версияси

Ҳовли олма, қўшни ол!

Халқимиз жуда меҳрибон, керак вақтда бир-бирининг дардига, қувончига шерик бўлади. Кўча-кўйда гаплашиб қолишса, “Уйга ўтинг, чой ичамиз”, дейди самимият билан.

Аммо уйи, бошпанаси йўқ инсон нима қилсин? Ҳатто яқинларини ҳам уйига таклиф эта олмайди.

Сўнгги йилларда айни масалада турли қийинчиликларга учраётган, уй-жойи йўқлигидан қийналаётган юртдошларимизнинг елкасига офтоб тегди. Юртимиздаги ислоҳотлар уй-жойга эҳтиёжи борларни бошпанали қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Юнусобод туманида жойлашган уйимни сотгач, Сергели туманига бориш учун таксига ўтирдим. Нима бўлди билмадим, пулни машинада унутиб қолдирибман, – дейди Наргиза Шомуродова. – Дарҳол тегишли органга мурожаат қилдим. Аммо шофёр топилмади. Бошпана сўраб мутасадди ташкилотларга бордим... Сўнг тақдирга тан бериб, болаларим билан 14 йил давомида ижара уйларда, подъездларда, паркларда яшаб юрдик. Яхши инсонлар кўп, аммо улар ҳам ўзидан орттириб, бизга уй олиб бера олмасди. Фарзандларимнинг мактабга боришида ҳам турли муаммолар бўлган. Шукрки, бу йилда мурожаатимиз бесамар кетмади. Юнусобод туманидан 2 хонали уй ажратишди.

Аҳолининг замонавий ва арзон уйларга бўлган эҳтиёжи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бу эса имтиёзли кредит беришнинг юқори даражадаги шартларини жорий этиш, энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни янада кенгайтиришни талаб этаётир. Шундай бўляпти ҳам.

Ушбу муҳим вазифалар ҳисобга олиниб, аҳолининг кенг қатламлари учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан оширишга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга ва қишлоқларда ҳам уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 июлдаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада изчил давом эттиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

– Туманимизда метро ва янги турар жой бинолари қурилаётгани кўнглимизни тоғдек кўтарди, – дейди Шаҳло Абдусаматова. – Айни вақтда Сергели катта қурилиш майдонига айланган. Қисқа фурсатларда қурилиб, фойдаланишга топширилаётган уй-жойлар, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари бизнинг турмушимиз фаровонлиги учун, албатта.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан юртимиз ёшларига ҳам имтиёзлар берилмоқда.

Ёқубжон Абдусатторов ўқитувчилик касбини танлади. Оилали бўлгач, пойтахтда уй-жой борасида бир муддат турли қийинчиликларга учради. Сўнг аёли ва қизини ота-онаси ёнига, вилоятга юборишга мажбур бўлди. Шунда унга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мутахассислари ёш оилалар учун яратилаётган шароитлар, имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Кредит олишни таклиф қилишди. Бу таклиф ёш оила ва уларнинг ота-онасига ҳам маъқул бўлди.

– Берилган бу имконият ва имтиёздан жуда қувондим, – дейди Ё.Абдусатторов. – Энди оилам билан биргаман. Сергели туманида янги қурилаётган уйлардан 2 хонали уйга эга бўлдик. Фарзандим ҳам ёнимда. Унинг униб-ўсиши, эл корига ярайдиган фарзанд бўлиб улғайиши учун ҳаракат қиламан.

Бундан ташқари, янада обод бўлаётган пойтахтимизда кўплаб умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, дам олиш жойлари, поликлиникалар, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши давом этмоқда.

– Ҳовли олма қўшни ол, деганларидек, ушбу уйни олаётганимизда қўшниларимиз ким бўлишини билмасдик, – дейди Кимё Камолова. – Тўғриси шундан хавотирда эдим. Кейин билсам, олимлар, педагоглар экан. Жуда қувондим. Деярли ҳамма бир-бирини танийди. Умумтаълим мактаби, боғчамиз яқин. Шундай шароитларда фарзандларимизни тарбиялаш катта бахт.

Бу қувончга тўла таассуротлар баъзи юртдошларимизнинг ҳаётидан қисқа мисоллар, холос. Ёшларга, имконияти чекланганларга, ёлғиз аёлларга, бошпанасиз юрганларга моддий ва маънавий кўмак беришни янада кучайтириш, уларга мададкор бўлиш, барқарор даромад манбаларини шакллантириш, оилалар фаровонлиги, тинчлигига эришиш, аҳолининг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш бўйича қилинаётган ишлар янада улуғвор ва улкан.

Барно Мелиқулова, ЎзА
3 919