ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

ОТБ йиллик йиғилиши ва МОМИҲ юқори даражадаги сессияси бўлиб ўтди

ОТБ йиллик йиғилиши ва МОМИҲ юқори даражадаги сессияси бўлиб ўтди

Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг видеоконференция шаклида ташкил этилган йиллик йиғилиши доирасида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг (МОМИҲ) юқори даражадаги сессияси ҳамбўлиб ўтди. 

Мазкур тадбирлар пандемия даврида минтақавий ҳамкорлик масалалари, шунингдек, эпидемия иқтисодий оқибатларини бартараф этиш бўйича кейинги қадамларни белгилаш масалаларига бағишланди.

Йиллик йиғилиш давомида ОТБга аъзо мамлакатлардан тайинланган Банк бошқарувчилари Банк процессуал қўмитаси ҳисоботи ва ОТБнинг 2019 йилдаги молиявий фаолияти натижалари билан танишдилар. Маълумотларга кўра, кўриб чиқилаётган даврда тасдиқланган лойиҳаларни молиялаштириш учун 21,6 миллиард доллар миқдоридаги кредит линиялари ва грантлар ажратилган. 

Бу иқлим ўзгаришига қарши курашни молиялаштиришни икки баравар ошириш бўйича 2015 йилда белгиланган мақсадни муддатидан 1 йил олдин бажарилишини таъминлади. Бундан ташқари Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Бутан, Камбожа, Фижи, Грузия ва Непал билан алоҳида Ҳамкорлик дастурлари қабул қилинди.

Учрашувнинг бизнес-сессияси доирасида Бошқарувчилар Кенгаши аъзолари томонидан овоз бериш орқали ОТБнинг 2020 йил учун бюджети тасдиқланди, 2020-2021 йилларда ОТБ Бошқарувчилар Кенгаши раиси ва унинг ўринбосари номзоди, шунингдек, ОТБнинг 2023 йилги 56-йиллик йиғилиши ўтказилиш жойи ва вақти тасдиқланди. Тузилманинг навбатдаги йиллик йиғилишини такшил этиш учун Грузия пойтахти Тбилиси шаҳри таналанди.

Учрашув кун тартиби доирасида ОТБ томонидан Банкка аъзо бўлган ривожланаётган мамлакатларга коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишда қўшимча ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. ОТБ сўнгги 6 ой ичида айни мақсадлар учун 9,3 миллиард доллар ажратгани қайд этилди.

- COVID-19 пандемияси жаҳон, жумладан, Банкка аъзо ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатди, - дейди ОТБ амалдаги президенти Масацугу Асакава. - Ижобий молиявий оқимни таъминлаш, минтақа тикланишига иложи борича тезроқ ёрдам бериш учун тез ва кенг миқёсда жавоб чораларини кўрган ҳолда, биз пандемия билан курашиш учун имкон даражасида барча манбаларни йўналтиряпмиз.

1966 йил ташкил этилган Осиё тараққиёт банкининг асосий вазифаси молиявий ва техник ёрдам бериш орқали қитъамиздаги мамлакатларда иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдир. Ўзбекистонда ҳам мазкур молиявий тузилма билан биргаликда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, сув таъминоти ва оқова сув, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, ҳудудларда базавий инфратузилмани ҳар томонлама ривожлантириш ва бошқа йўналишларда ижтимоий-инфратузилмавий инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.

ОТБнинг йиллик йиғилиши доирасида бўлиб ўтган МОМИҲнинг юқори даражадаги сессияси давомида глобал пандемияга қарши курашиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди. Турли мамлакатлар вакиллари минтақадаги сўнгги ўзгаришлар, COVID-19 га қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, пандемиядан кейинги даврда халқаро ҳамкорликни тиклаш бўйича келгуси режаларни муҳокама қилдилар.

Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик Дастури ОТБ ташаббуси билан 1997 йил жорий этилган. Лойиҳанинг мақсади устувор йўналишларда минтақавий ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш орқали Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ривожланишига кўмаклашишдир.

Ҳозир МОМИҲ таркибига минтақанинг 11 давлати - Ўзбекистон, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Афғонистон (2005 йилдан буён), Покистон, Туркманистон (2010 йилдан) ва Грузия (2016 йилдан), шунингдек, халқаро донор ташкилотлар - ОТБ, Жаҳон банки, ХВЖ, ЕТТБ, ИТБ ва БМТТД киради.

Мулоқот якунида МОМИҲ сессияси иштирокчилари бир овоздан инқироздан кейинги даврда иқтисодий сиёсат соҳасида самарали ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида кўп қиррали халқаро ҳамкорликка содиқ эканликларини тасдиқладилар. Коронавирус билан касалланган беморларга ўз вақтида юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур манбаларни яратиш ва инфекция тарқалиш суръатини камайтириш бўйича чора кўриш мақсадида глобал соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни давом эттириш зарурлиги тўғрисида ҳам умумий ёндашув белгиланди. 

МОМИҲ платформаси доирасида иқтисодий ва савдо алоқаларини кенгайтириш ва мамлакатлар ўртасидаги инфратузилмавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли қарор қилинди. Бу эса ўз навбатида Осиё минтақасининг иқтисодий фаровонлигини янада оширишга салмоқли ҳисса қўшади.

photo_2020-09-18_12-50-02.jpg

photo_2020-09-18_12-50-04.jpg

1 592
ЎзА