ЎзА Ўзбек

06.04.2019 09:56 Чоп этиш версияси

“Отангга бор, онангга бор” ёхуд ўз вазифамизни қачон бажарамиз?

“Отангга бор, онангга бор”  ёхуд ўз вазифамизни қачон бажарамиз?

Уй-жойли бўлиш, “Ватан ичра ватанли бўлиш” ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятдир.

Шу маънода аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жойга доир ҳуқуқларини рўёбга чиқариш мақсадида салкам бир йил муқаддам Президент фармонига асосан ўзбошимчалик билан қуриб олинган уй-жойларга эгалик бериш бўйича бир марталик акция эълон қилинган эди. 

Бу акциянинг тугашига ҳам бир ойдан кам вақт қолди. Хўш, аҳолимиз берилган бу имкониятдан қанчалик фойдаланмоқда? Мутасадди идоралар-чи? Улар ўз вазифаларини қанчалик бажармоқда? Афсуски, ҳаммаси ҳам ёзилганидек эмас. Буни рақамлар ҳам кўрсатиб турибди.

Ўтган давр мобайнида ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларни қонунийлаштириб олиш ҳақида аҳолимизга ОАВ ва бошқа воситалар орқали кенг тарғибот ишлари олиб борилган бўлса-да, эгалик ҳуқуқини олиш учун бор-йўғи 550 мингга яқин фуқароларимиз давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишди. Бу эса ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларнинг тахминан ярмини ташкил этади, холос.

Эгалик ҳуқуқини беришга масъул бўлган туман (шаҳар) ҳокимликлари, комиссия аъзолари – кадастр, қурилиш, солиқ, экология, санитария, ички ишлар идоралари ўзларига юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажармаганлиги ва “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутаётганлиги оқибатида фуқароларимиз уй-жойини қонунийлаштириб олиш учун ойлаб сарсон-саргардон бўлишмоқда.

Албатта, фуқаро мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари ва жавобгарлиги қонунларимизда белгилаб қўйилган. 

Ўтган вақт мобайнида ушбу соҳада 100 мингдан ортиқ мурожаатларни кўриб чиқиш тартиблари бузилган. 

Мисол учун, кадастр идораларида 40 минг, туман (шаҳар) ҳокимликларида 16 минг, солиқ идораларида 12 минг, қурилиш бўлимларида 11 минг, ички ишлар идораларида 10 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Ушбу ҳолатда “оёғи ердан узилган” 1000 нафардан ортиқ мутасадди идораларнинг ходимлари маъмурий ва 400 га яқини интизомий жавобгарликка тортилди.

Энг ачинарлиси, 20 мингдан ортиқ фуқароларимиз томонидан бир марталик йиғим тўлаб қўйилган бўлса-да, туман (шаҳар) ҳокимлари турли хил баҳонаи сабаблар билан эгалик ҳуқуқини бериш ҳақида қарор чиқариб беришмаяпти. Бу эса фуқароларимизнинг хақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. 

Қолаверса, 80 мингдан ортиқ фуқароларнинг аризалари ижобий якун топган бўлса-да, фуқаролар томонидан бир марталик йиғим ўз вақтида тўланмаганлиги оқибатида туман (шаҳар) ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинмаган.

Албатта, мутасадди идораларнинг масъул ходимларига нисбатан ҳар қанча жазо қўлланилмасин, ушбу акция даврида масъул ходимлар ўз вазифасини бажармаса, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларини қонунийлаштириб олишларига бунинг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. 

Шундай экан, давлатимиз томонидан берилган бу имкониятдан фуқароларимиз тўлақонли фойдаланишлари учун мутасадди идоралар ўз вазифаларига янада масъулият билан ёндашишлари талаб этилади.

Бахтиёр Аҳмедов, ҳуқуқшунос

ЎзА
17 935