Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 12:43 Чоп этиш версияси

Ота-оналар видеомулоқот орқали аскар ўғлонлари билан дийдорлашди

Гулистонда Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқот бўлиб ўтди.

Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Ҳайдарова ва бошқалар мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва барқарор тараққиётимизнинг ишончли кафолати бўлган миллий армиямиз қудратини янада оширишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида хизмат қилаётган йигитлар бугун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, мустақил фикр ва дунёқарашга эга ёшлардир.

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб вилоятдаги ҳарбий қисмларда, таълим муассасаларида, коллеж ва лицейларда, ташкилот ва маҳаллаларда “Тинчлик учун курашмоқ керак”, “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч!”, “Менинг армиям – менинг фахрим”, “Аскар оналарини шарафлаймиз”, “Армия ва ёшлар”, “Ватан – улуғ, бурчим – муқаддас” каби мавзуларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Фарзандлари Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган оналар, Сирдарё вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этан тадбирда оналар ўз фарзандларининг ҳарбий ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар билан танишди, байрам билан табриклади.

– Ўғлим Акмал ҳарбий хизматни ўтаётганига салкам бир йил бўлди, – дейди Сардоба туманидан Боғлоной Эргашева. – Эгнидаги ҳарбий либоси ўзига жуда ярашибди. Қадди-қоматига қараб кўзинг қувнайди. Юзидаги қувонч, гап-сўзларидаги ишончни кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан йўлланган ташаккурномадан қалбим ғурурга тўлди. Барча оналар номидан бугунги тадбир ташкилотчиларига, аскар ўғлонларимизга барча шароитни яратиб бераётган Президентимизга миннатдорлик билдираман.

– Гулистон шаҳрида туриб, ўз ота-онам билан телеэкран орқали дийдорлашганимдан хурсандман, – дейди Сирдарё вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган сурхондарёлик оддий аскар Зиёдбек Бердиқулов. – Хизматда эришаётган ютуқларим ҳақида гапириб бердим. Улар жуда хурсанд бўлди.

Тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оналарига юксак эҳтиром кўрсатилиб, бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
280