ЎзА Ўзбек

04.01.2018 19:25 Чоп этиш версияси

Ота-оналар фарзандларининг муддатли ҳарбий хизматни қандай шароитларда адо этаётганидан хабардор бўлишди

Ота-оналар фарзандларининг муддатли ҳарбий хизматни қандай шароитларда адо этаётганидан хабардор бўлишди
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни 

– Ассалому алайкум, азиз дадажон, аяжон. Янги йилни яхши кутиб олдингизми? Сизларни кўриб турганимдан жуда хурсандман. Мен ва барча сафдошларим соғ-саломат.


Бу аскар йигитнинг онлайн мулоқотдаги самимий дил сўзлари. Айни кунларда жойларда ташкил этилаётган видеомулоқотлар аскарлар ва уларнинг ота-оналари учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлмоқда.

Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ҳамда уларнинг ота-оналари, дўстлари иштирокида ташкил этилган “Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси” номли видеомулоқотга ҳам шундай фикр-мулоҳазалар алоҳида файз киритди.

Аскар йигитлар онлайн мулоқот орқали ота-оналари ва дўстларига армиядаги ҳаёти, яратилган шароитлар ҳақида фахр билан гапириб берди.

5.JPG

– Дўстим Шоҳрух, – деди мамнунлигини яширмай Фарғона шаҳридан Жаҳонгир Абдурасулов. – Сен билан бирга мактабга бордик, ёшлик дамларимизнинг қувончини бирга баҳам кўрдик. Ўқишда ҳам, ишда ҳам тенгдошларга доимо намуна бўлардинг. Эгнингдаги ҳарбийлик либоси жуда ярашибди. Ҳавасим келди. Мен ҳам сендек аскар бўлишни кўнглимга тугдим. Сени ва барча тенгдошларимни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан табриклайман.

– Йигит кишининг мард ва жасур бўлиб камолга етишида ҳарбий хизмат алоҳида аҳамиятга эга, – дейди Бешариқ туманидан Ўрмонжон Раҳматуллаев. – Ўғлим Ҳумоюн ҳам Тошкентда муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда. Видеомулоқот орқали фарзандим билан дийдорлашар эканман, беихтиёр кўз ўнгимда ўзимнинг ёшлик даврим гавдаланди. У пайтларда аскарларга бугунгидек қулайлик ҳам, ота-оналари билан мулоқот қилиши учун шароит ва имконият ҳам бўлмаган. Мустақиллик туфайли барчаси ўзгариб, ҳарбий либос кийиш шарафга айланди. Фарзандларимизнинг Ватан олдидаги бурчини садоқат билан адо этиши учун яратилган шароитлардан кўнглимиз хотиржам.

4 (1).JPG

– Болалигимдан ҳарбий либос кийишни орзу қилардим, – дейди Фарғона шаҳрида йигитлик бурчини ўтаётган оддий аскар Саидборийхон Мухлисхўжаев. – Бугун ана шу мақсадим рўёбга чиққанидан беҳад бахтиёрман. Чунки Ватан ҳимоячиси, деган юксак шарафга муяссар бўлиш эр йигитнинг муқаддас бурчидир. Миллий кураш билан шуғулланаман. Ҳарбий хизмат давомида ҳам турли мусобақаларда муваффақиятга эришдим. Хизматдан кейин университетга ўқишга кирмоқчиман. Янги технологиялар соҳасида ишламоқчиман.

Видеомулоқотда ота-оналар ўз дилбандларининг муддатли ҳарбий хизматни киши ҳавас қиладиган шароитларда, намунали адо этаётганидан хабардор бўлишди. Уларга яқинлари, маҳалла-кўй ва тенгдошларининг саломини етказиб, Ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этиш тилагини билдирди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
13 462