ЎзА Ўзбек

20.08.2020 Чоп этиш версияси

Ота каби улуғ, онадек азиз, мукаррам...

Ота каби улуғ, онадек азиз, мукаррам...

Сен – қудрат манбаи, саодат маскани,
жонажон Ўзбекистоним!

Инсонга уч нарсани танлаш имконияти берилмаган. Булар – ота, она, Ватан. Шунинг учун ҳам она Ватан, ота макон, она замин деймиз.

Бугунги кунда Ўзбекистон деган ном билан дунё аҳли эътирофига сазовор бўлаётган шу жаннатмонанд юрт бизнинг ягона Ватанимиздир!

Боболаримиз ким?

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманига йўлингиз тушиб қолса, кўпни кўрган отахонлар салом-аликдан сўнг, аввало, қайси ҳудуддан, қайси уруғдан эканингизни, боболарингиз кимлигини сўрайди. Агар уруғингизни билмасангиз, улар зимдан бир-бирига қараб, маъноли бош ирғаб қўйишади. Кейин суҳбат кўп ҳам қовушмайди. Қайси уруғдан эканингизни айтсангиз, чоллар яйраб кетишади. Юртингиздан чиққан полвону чавандозлар, таниқли одамлар ҳақида билганларини сўзлашиб, мириқиб гурунглашади. Э, биродар, бизга қариндош экансиз, боболарингиз бизга амаки бўлишган, дея сизни уйига таклиф қилишади. Агар «уруғимиз ўзбек-да, отахон» дея қувлик қилсангиз, бироз уялиб қолишингиз ҳам тайин. Ҳаммамиз ўзбекмиз, дейишади улар. Ўзбек катта миллат, катта эл. Унинг бўғинлари, уруғлари бор. Масалан, Амир Темур барлос уруғидан, Алпомишнинг уруғи қўнғирот, биз биргалашиб бир миллат номи билан аталамиз. Унинг тўқсон икки уруғи бор. Бу чолларни энди гапдан тўхтатиб бўлмайди: фарзандда отанинг ҳақи кўпми, онаники? Ўғил бола кимга кўпроқ ўхшайди? Мавзу кўп.

055.jpg

Халқимиз бекорга «Ўғил бола етти бобосини билиши керак» демайди. Бунинг замирида катта ҳикмат бор. Тарихни билиш келажак учун зарур. Хўш, биз киммиз? Боболаримиз ким бўлган? Улар бизга нималарни мерос қилиб қолдирган?

Тарихий китобларни варақласангиз, ҳозир сизу биз умргузаронлик қилаётган ҳудуд – икки дарё оралиғидан дунёга донғи кетган буюк алломалар, шавкатли инсонлар кўп етишиб чиққанини биласиз. Улар дунё илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшишган.

Шарқ, хусусан, Марказий Осиё минтақаси IX-XII ва XIV-XV асрларда жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ уйғониш даври Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган.

Ўрта асрларнинг илк даврида замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад Хоразмий алгебра фанига асос солди. Шарқ олимлари орасида фақат унинг номи ва асарлари "алгоритм" ва "алгебра" каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилди.

Аҳмад Фарғоний томонидан IX асрда яратилган “Астрономия асослари” фундаментал асарида оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳақидаги дастлабки маълумотлар, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хусусида далиллар мавжуд бўлиб, мазкур китоб XVII асрга қадар Европа олий таълим даргоҳларида астрономия бўйича асосий дарслик сифатида ўқитилган.

Абу Райҳон Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назарияси ва Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни таклиф этди. Колумбдан 500 йил олдин Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлиги ҳақидаги қарашни илгари сурди.

Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва фаолияти авлодларда алоҳида ғурур ва эҳтиром туйғуларини уйғотади. Илмий тадқиқотларини 16 ёшида бошлаган улуғ зот 450 дан ортиқ асар яратди. Тиббиёт тарихида энг машҳур “Тиб қонунлари” фундаментал асари билан Ибн Сино кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берди. Ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солди.

X асрнинг қомусий алломаси Абу Наср Форобийни замондошлари, универсал билимларга эга бўлгани боис, “Шарқ Аристотели” деб аташган. У кўплаб фанларни илмий кашфиётлар билан бойитди, турли мамлакатлар олимларининг фалсафий қарашларини ривожлантирди ва 160 дан ортиқ асар ёзди.

Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг бутун бир авлоди ҳақида сўз юритар эканмиз, Амир Темур ва Темурийлар даври ҳақида эсламасдан ўтолмаймиз.

Амир Темурнинг набираси, Самарқандда 40 йил ҳукмдорлик қилган Мирзо Улуғбек астрономия соҳасидаги буюк аллома сифатида шуҳрат қозонган ва унинг номи ҳақли равишда Коперник, Жордано Бруно, Галилей ва бошқа улуғ илм-фан даҳолари қаторида тилга олинади. Мирзо Улуғбекнинг XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 юлдузнинг жойлашуви баён қилинган бўлиб, бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог эди.

Абу Абдуллоҳ Рудакий, Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Жомий, Алишер Навоий, Бобур ва бошқа кўплаб буюк мутафаккирларнинг илмий-ижодий меросида донишмандлик ва борлиқ оламни гуманистик англашнинг жуда улкан, битмас-туганмас хазинаси баён қилинган. Бу мерос ҳақиқатан ҳам жаҳон аҳамиятига молик бебаҳо бойлик ҳисобланади.

Бу рўйхат анча узун...

Шу ўринда тарихда йирик марказлашган давлат тузган, илм-фан, санъат ва адабиёт ривожига ҳомийлик қилган буюк давлат арбоби ва донишманд, мард ва шижоатли инсон Амир Темур бобомизнинг тарихий хизматлари ҳақида алоҳида ғурур билан таъкидлашни истардик.

Амир Темур икки дарё оралиғида яшовчи ва қўшни халқларни Чингизхон зулмидан озод қилиб, йирик марказлашган империя барпо этди. Темурийлар даврида илм-фан, санъат ва маданият гуркираб ривожланди.

Жуда катта ва кенг миқёсда ободончилик ҳамда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Эл осойишта ва фаровон яшади. Бу даврни бежиз Мовароуннаҳрнинг «олтин даври» дейишмайди.

Аммо Амир Темурдан сўнг бу ҳудудда парокандалик, тахт учун курашлар бошланиб кетди... Айниқса, ХХ аср бошларидаги Туркистон ҳудудидаги уч хонлик даврида мавжуд вазиятга тўғри баҳо берилмади, хонлар ўз шахсий ҳузур-ҳаловати, манфаатларини ўйлаб, халқни бирлаштиролмади. Натижада улуғ ва қудратли юртимиз мустамлакага айланиб қолди...

Кечаги кун

Бугун ёши қирқ-элликдан ошган авлод истибдод нима эканини яхши билади. Ягона ҳукмрон мафкура тазйиқлари, пахта яккаҳокимлиги, она тилимиз, динимизнинг аҳволи, миллий қадриятларимизга муносабат, камситиш ва таҳқирлашлар ҳали халқимизнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Улуғ алломаларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Бобур ҳақида нималарни билардик? Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби улуғ шоир ва ёзувчиларимизни ўқимасдан вояга етди бу авлод? Миллий байрамимиз – Наврўзни қандай нишонлардик?

– Мактаб ўқувчилари сентябрнинг илк кунлариданоқ пахта йиғим-теримига оммавий жалб қилинарди. Баъзи йиллари декабрнинг охири, Янги йил байрамига қадар далада қолиб кетган пайтларимиз бўлган. Кўклам бошланиши билан болалар яна дала ишларига чиқариларди, – дейди чироқчилик фахрий ўқитувчи Дўстмурод Ҳайдаров. – Дарсликлар ҳукмрон мафкура манфаатидан келиб чиқиб ёзилар, ўқувчиларнинг атоқли ёзувчи, шоирларимиз таржимаи ҳолига оид саволларига жавоб беролмай қийналардик. Ўша даврларда ёзилган бадиий асарларга қўйилган талаблар-ку ҳеч бир қуюшқонга тўғри келмасди.

Биргина собиқ тузум давридаги она тилимизга муносабатни олиб қарайлик. Республика, вилоят миқёсидаги катта-катта йиғилишлар «улуғ оға» тилида олиб борилар, расмий ҳужжатлар, давлат идораларида ёзишмалар шу тилда юритиларди. Ўша йиллари аэропорт, темир йўл кассалари олдида билет ололмай, тўғрироғи, фикрини ўзга тилда тушунтиролмай турган ёши улуғ отахону онахонларни кўп кўрганмиз. Марказдан келган вакиллар маҳаллий халқ тилини тушунмаса-да, мажлисларда ота-бобоси миришкор ўтган инсонларга деҳқончилик, чорвачиликдан «сабоқ» берарди. Улар бир оғиз ўзбекча гапиролмаса-да, йиллар давомида раҳбарлик лавозимларида ишлашган.

Ёки миллий қадриятларимиз, диний маросимларга муносабатни эсланг. Наврўздек севимли ва ардоқли байрамимиз тақиқланганини айтмайсизми? Эгаллаб турган лавозимидан қўрқиб, қариндошларининг жанозасига қатнашмаган, миллий байрамларга эскилик сарқити сифатида қараган қанчадан-қанча инсонларни биламиз. Ўша пайтларда ҳужжатларда чиройли гаплар ёзилган бўлса-да, амалда инсоннинг виждон, эътиқод эркинлиги тақиқланган эди.

– Йилбоши – Наврўз байрамини одамларимиз қўрқа-писа, яширинча нишонларди. Диний маросимлар, байрамларга, яқинларимизнинг маъракаларига юрак ҳовучлаб бориб-келардик, – дейди фахрий ўқитувчи Шодмон Чоршанбиев. – Ҳажга бориш, ҳаж зиёрати ҳатто тушимизга ҳам кирмасди.

Миллий кадрларга, қобилиятли ёшларга муносабатда беписандлик, камситиш устувор эди. Айниқса, спорт, санъат, илм-фан, ҳарбий, қўйингки, барча соҳада бу нарса яққол кўзга ташланарди. Ўзбек йигитлари фақат қурилиш батальонларига ҳарбий хизматга олинарди...

Бахтиёр авлод

photo_2020-03-31_13-09-24.jpg

Чойхонадаги «гап»дан чиқиб, таксига ўтирдик. Ҳамроҳ ҳамкасбим машинага чиқиши билан 25-30 ёшлардаги ҳайдовчи йигитга гап ташлади:

– Тошкентни яхши биласанми, ука?

– Ҳа, дарсдан кейин айланаман. Ҳар ҳолда кунлик харажатим чиқиб турибди.

– Унда бизни Ленин музейига обориб қўй. Киров парки орқали юрасан, – деди ҳамроҳим менга бир кўзини қисиб қўйиб.

Йигит жимиб қолди. Бироздан сўнг хижолатнома илжайиб:

– Қаранг, шуни билмас эканман, – деди.

– Фрунзе ҳайкалини биларсан. Карл Маркс хиёбонини-чи?

Ҳайдовчидан садо чиқмади.

– Бутун шаҳарни биламан, дейсан-а? – Ҳамкасбим ғолибона кулимсиради.

– Қўйинг, йигитни хижолат чектирманг. Амакинг ҳазиллашаяпти, – суҳбатга аралашдим мен. – Тошкентда бунақа манзиллар йўқ.

Ҳайдовчининг чиройи очилди. Ундан ёшини сўрадим.

Исмим Озод, 1991 йил 1 сентябрь куни туғилганман! – Унинг овозида ўзгача ғурур бор эди.

Бу нимани билдиради? Бугунги ёшлар – бахтли авлод. Улар мустақилликнинг эркин насимидан баҳраманд бўлиб улғаймоқда. Улар бировга тобелик, мутелик нималигини тасаввур ҳам қилишолмайди. Бу авлоднинг қалби тоза, эзгу туйғуларга лиммо-лим, кўнгли яратувчилик, бунёдкорлик иштиёқи билан тўла. Бу ёшларни асраб-авайлашимиз, уларнинг эркин, мустақил фикрли инсонлар бўлиб улғайиши учун барча шароитни яратишимиз керак.

Бу йил халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлайди. Бугун қайси ҳудуд, шаҳар ёки қишлоққа борманг, улуғ айёмга қизғин тайёргарлик кўрилаётганининг устидан чиқасиз. Ўтган йилларда амалга оширилган ишлар кўлами шу қадар кенгки, уни икки-уч жумлада ифодалаб бўлмайди. Иқтисодий-ижтимоий, сиёсий соҳаларда қўлга киритилган ютуқларимиз жуда ҳам улкан. Озиқ-овқат, ёқилғи-энергетика мустақиллиги, автомобилсозлик саноати, таълим, тиббиёт, илм-фан, спорт ва санъатнинг ривожланиши, халқ турмуш шароитини яхшилаш борасида қилинаётган залворли ишлар... Буларнинг бари ҳар биримизда ғурур-ифтихор уйғотади.

Ислоҳотлар бераётган моддий натижалар масаланинг бир томони бўлса, унинг маънавий самаралари иккинчи томонидир. Буни англаш учун бугунги ёшлар – истиқлол фарзандлари билан бир дилдан суҳбатлашиб кўринг. Уларнинг дунёқараши, ўйлаётган ўйлари, ўзини ҳеч кимдан кам билмай, бағри бутун бўлиб ўсаётгани кўнглингизни ўстиради. Бундай ўз эътиқоди, дунёқараши, соғлом турмуш тарзига эга, комил инсон бўлиб улғаяётган йигит-қизлар Ватанимиз порлоқ келажагининг яратувчилари. Уларни асло енгиб, чалғитиб бўлмайди.

Ер юзида давлатлар, халқлару эл-элатлар кўп. Ҳар бирининг ўзига хос турмуш тарзи, урф-одатлари, қадриятлари мавжуд. Аслида дунё шу ранг-баранглиги билан гўзалдир.

Яқинда хорижий мамлакатлардан бирига хизмат сафарига бориб келган ҳамкасбим таассуротларини гапириб берди:

«Албатта, улар биздан тараққиёт нуқтаи назаридан анча илгарилаб кетишган. Компьютер технологиялари, ишлаб чиқариш юксак даражада дейиш мумкин. Аммо у давлатнинг пойтахтидаги энг шинам меҳмонхоналаридан бирида икки ҳафта яшаб, кун санаб ўтказдим. Таомларини ейолмадим. Шаҳарда туманнинг қалинлигидан ҳаво етишмайди, осмон кўринмайди. Ўйладим: бу миллатнинг болалари қуёшни кўрмай вояга етишаркан-да. Одамлар ўртасидаги муносабатлар ҳисоб-китобга асосланган. Меҳр-оқибат йўқ. Муҳаббат йўқ. Ишонасизми, менинг кўрганларимга таққосласак, биз жаннатда яшаётган эканмиз. Ҳар куни тушимга мевазор ҳовлимиз, шарқираб оқаётган зилол сувлар, меҳрли, самимий чеҳрали одамларимиз, ширин таомларимиз кириб чиқади денг».

Ҳамкасбимнинг кайфияти менга ҳам кўчади.



6 084
Абдужалол ТАЙПАТОВ, ЎзА