Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 12:18 Чоп этиш версияси

Остонада Ўзбекистон савдо мажмуини ташкил этиш бошланди

Остонада Ўзбекистон савдо мажмуини ташкил этиш бошланди

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Қозоғистон Республикасидаги ваколатхонаси рўйхатдан ўтди.

Жамғарманинг ижрочи директори Миразиз Исаковнинг таъкидлашича мазкур ваколатхона қўшни давлат бозорида маркетинг тадқиқотларини ўтказиб, хорижий ҳамкорлар топиш, маҳаллий брендларни реклама қилиш, кўргазмалар, тендер савдолари ва бошқа тадбирларда ўзбек тадбиркорларини иштирокини таъминлаш билан шуғулланади.

Шунингдек, қозоғистонлик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш, уларнинг юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда амалий кўмак кўрсатади.

– Бизнинг ташаббусимиз билан Остона шаҳрида Ўзбекистон савдо мажмуини ташкил этиш ишлари бошланди, – дейди Жамғарманинг Остонадаги ваколатхонаси раҳбари Казибек Маткеримов. – Ушбу савдо мажмуйида ўзбекистонлик экспортчилар учун барча шарт-шароитлар яратилади. Мажмуанинг биринчи қаватидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олса, юқори қаватларда мебель ва тўқимачилик, гилам ва бошқа саноат маҳсулотлари жой олади. Бу эса, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш билан биргаликда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ЎзА