ЎзА Ўзбек

02.05.2018 18:24 Чоп этиш версияси

Осмонда оққушлар, варраклар учсин!

Осмонда оққушлар, варраклар учсин! Зулунбой отанинг хиёл кўзи илинган экан, нимадир «тарақ-туруқ» этдию, бошини кўтариб қаради: болажонлар ўйин бошлашибди яна.

 Ота, қаранг, менинг автоматим бор, – эвараси ўйинчоғини кўрсатар экан, кўзлари чарақлади. – Та-та-тата, душманларни отяпман, отажон...

Қария «автомат»ни қўлига олиб, бир қур кўз ташладию, қайтариб берди:

 Қўй, болам, буни ўйнама. Мен сенга варрак ясаб бераман. Ҳўв, баландга чиқиб учирасан.

Андижон вилояти Избоскан тумани Тўраобод маҳалласида яшовчи Зулунбой ота Мадраимов бундан роппа-роса 75 йил аввал – 1942 йил баҳорда илк бор жангга кириб, ҳозир неварасида кўрган «автомат»нинг ҳақиқийсини қўлига олган эди. Икки йил ёнида олиб юрди. Ҳордиқ пайтида бошига қўйиб ётди. Жонга-жон, дея қаттиқ жанг борарди, отиш керак эди, йўқса улар отишарди. Тарихга Сталинград жанги, деб битилган муҳорабада қатнашди. Сапёрлар батальонида елкасида автомату рюкзак, қўлида минани аниқлайдиган асбоб... Польша чегараларигача борди. Жангларнинг бирида қаттиқ яраланди. Ҳар қадамда ўлим шарпаси кезадиган мина майдонида тўсатдан портлаш юз бердию... автомати учиб кетди.

Ватанига қайтган Зулунбой ота нон комбинатида узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилди. Ҳозир 6 фарзанд, 34 набира, 65 чевара ва санаб саноғига етолмайдиган эваралари даврасида роҳат-фароғатда умргузаронлик қилмоқда.

– Ҳой, отасининг болалари, «уруш-уруш» ўйнаманглар, - дейди отахон болаларнинг навбатдаги ҳайқириғини кузатиб. – Оққушларни, варракларни учиринглар мусаффо осмонимизга.

Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА
9 055