ЎзА Ўзбек

28.08.2018 20:51 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Бугуннинг ўзида Инчхондаги натижамиз янгиланди, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас...

Осиё ўйинлари-2018. Бугуннинг ўзида Инчхондаги натижамиз янгиланди, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас...
Аввал хабар берганимиздек, Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларидаги спорт ареналарида қизғин давом этаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг тўққизинчи кунги беллашувлари ҳамюртларимиз учун ниҳоятда омадли бўлди. Бугуннинг ўзида атлетларимиз учта олтин, иккитадан кумуш ва бронза, жами еттита медалга сазовор бўлишди. Эътиборли жиҳати, мазкур ғалабаларидан кейин мамлакатимиз спорт делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 38 тага етди ва уларнинг 9 таси олтин эканлиги ҳар бир юртдошимизнинг қалбида фахр уйғотади, десак муболаға қилмаймиз. Бу натижа билан атлетларимиз тўрт йил муқаддам Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида қайд этилган кўрсаткични янгилашди.

Ўшанда терма жамоамиз аъзолари 7 та олтин, 10 та кумуш ва 13 та бронза, жами 30 та медаль билан норасмий умумжамоа ҳисобида кучли ўнталикдан ҳам четда қолиб кетишади. Таъкидлаш жоиз, бу ўзбекистонлик спорт усталари мустақил юрт вакиллари сифатида Осиё ўйинларида иштирок эта бошлаганидан кейин қайд этган энг ёмон кўрсаткичи бўлганди. Бу сафар эса мусобақалар якунланишига тўрт кун бор бўлишига қарамай, Инчхондаги натижа янгиланди.

Шу ўринда мамлакатимиз спортчиларининг Осиё ўйинларидаги иштирокига қисқача эътибор қаратсак. Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилгач, ватанимиз атлетлари илк бора 1994 йил Япониянинг Хиросима шаҳри мезбонлик қилган мусобақада ўз омадларини синаб кўришади. Қувонарлиси, биринчи уринишдаёқ юртимиз спортчилари 10 та олтин, 11 та кумуш ва 19 та бронза, жами 40 та медаль билан норасмий умумжамоа ҳисобида фахрли 5-ўринни эгаллашади. Бу ҳозиргача Осиё ўйинларида қайд этган энг яхши кўрсаткичларимиздан бири бўлиб турибди.

Орадан тўрт йил ўтиб, Тайланднинг Бангкок шаҳрида ташкил этилган мусобақаларда Ўзбекистон спорт делегацияси анчайин бўш иштирок этади. Тўғри, бу сафар ҳам умумий медалларимиз сони 40 тани ташкил этганди. Шундан 22 таси кумуш ҳамда 12 таси бронза медаллари эди. Лекин Осиё ва олимпия ўйинлари каби мусобақаларда норасмий умумжамоа ҳисоби медаллар сони эмас, балки сифатига қараб тақсимланади. Бу борада ўзбекистонлик атлетларнинг кўрсаткичи анча пасайиб кетганди. Қўлга киритилган 6 та олтин медаль эса мамлакатимиз спорт делегациясига мусобақа якунида 10-ўринни тақдим этди.

Ҳозиргача Осиё ўйинларидаги энг яхши кўрсаткичимиз 2002 йил Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтказилган XIV ёзги Осиё ўйинларида қайд этилган. Ўшанда атлетларимиз 15та олтин, 12та кумуш ва 24та бронза, жами 51та медалга эгалик қилишганди. Бу натижа Ўзбекистон спорт делегациясига норасмий умумжамоа ҳисобида яна 5-ўринни тақдим этди. Осиё ўйинларидаги муваффақиятларимиз тасодиф бўлмаганини кейинчалик орадан икки йил ўтиб Грециянинг Афина шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинлари ҳам кўрсатиб берди.

2006 йили Қатарнинг Доҳа шаҳрида ташкил этилган Осиё олимпиадасида ватанимиз спортчилари бироз бўш қатнашишди. Натижада 11 та олтин, 14 та кумуш ва 15 та бронза, жами 40 та медаль билан Ўзбекистон терма жамоаси норасмий умумжамоа ҳисобида 7-ўринга сазовор бўлади.

Орадан тўрт йил ўтиб Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида ташкил этилган мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар медаллар сони бўйича ўз рекордини янгилашди. Яъни, жами 56 та медалга эга чиқишди. Бундан олдинги энг яхши кўрсаткич эса юқорида таъкидлаганимиздек 2002 йили Пусанда кузатилганди. Бироқ, янги аср бошидаги мусобақадан фарқли ўлароқ Гуанжоуда олтинларимиз сони бироз кам бўлди, 11 та. 22 та кумуш ва 23 та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон спорт делегацияси XVI ёзги Осиё ўйинларини 8-ўрин билан якунлади.

Инчхондаги натижаларга эса юқорида тўхталиб ўтдик. Индонезияда давом этаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида атлетларимизнинг Хиросима, Доҳа ёки Гуанжоудагидан кам бўлмаган даражада олтин медалларни қўлга киритишига умид қилиб қоламиз. Бунинг учун асослар етарли. Олдинда кураш бўйича 4 та вазн тоифасидаги полвонларимиз, шунингдек дзюдо, бокс, бадиий гимнастика ва енгил атлетика сингари бизга медаллар тақдим этиши мумкин бўлган спорт турлари бўйича мусобақалар кутиб турибди. Қолаверса, олдимизда энг улуғ ва энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги эшик қоқмоқда. Тўйга тўёна билан бориш халқимизга хос қадриятлардан. Шундай экан, ҳали бизни янада ёрқин ғалабалар кутиб турганига ишонгимиз келади. Олға, ЎЗБЕКИСТОН!

Отабек Эшмаматов

4 867