ЎзА Ўзбек

25.07.2018 15:23 Чоп этиш версияси

Осиё "Эртакчилик санъати" қандай мақсадларга хизмат қилади?

Шарқ мамлакатлари бой маънавий мероси, қадимий халқ оғзаки ижоди ва такрорланмас урф-одатлари билан ажралиб туради.

Чунончи, ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналарида инсонийлик фазилатлари, эзгулик, яхшиликка чорлов етакчилик қилади. Қозоғистон фольклор санъатида анъанавий овул ҳаётидан ҳикоя қилиш устун бўлса, тожик халқ эртакларида инсон ички кечинмалари, ҳаёт тарзи, мақсад ва интилишлари миллий либослар орқали очиб берилади. Қардош туркман халқ ривоятларида от образига алоҳида урғу берилса, дўстлик ва меҳр- оқибат туйғуларини олқишловчи халқ оғзаки ижоди Қирғизистон театр саҳналарида кенг намойиш этилади. Умуман, ҳаётнинг турли жиҳатларини ўзида акс эттирган Шарқ мамлакатлари эртакчилик санъати эзгуликни тараннум этиб, халқларни маънавий яқинликка чорлайди.

Тошкент шаҳрида 25 июль куни бўлиб ўтган Осиё “Эртакчилик санъати” халқаро қўмитасининг XI мажлиси ҳам ана шундай мақсадларга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Мажлисда ўзбекистонлик мутахассислар билан бирга, Қирғизистон, Тожикистон ва Кореядан келган фольклоршунос олимлар, маданият намояндалари иштирок этди. Унда халқаро қўмитага аъзо давлатларнинг маданий алмашинув имкониятларини кенгайтириш, халқ оғзаки ижодидаги ўзига хослик, ранг-барангликни тарғиб қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Осиё "Эртакчилик санъати" халқаро қўмитаси 2009 йилда Марказий Осиё мамлакатлари маданият вазирлари иштирокида Кореяда ташкил этилган. Қўмитанинг мақсади иштирокчи давлатларнинг асрий анъаналари ва урф-одатларини ўзида акс эттирган фольклор намуналарини тадқиқ этиш, жамлаш ва чоп этиш орқали уни кенг тарғиб қилишдан иборат.

Тадбирда кореялик мутахассислар Марказий Осиё мамлакатлари ижодкорлари томонидан эртакчилик жанрига алоҳида аҳамият бериб, китоблар нашр этилаётганини юқори баҳолади. Шунингдек, Марказий Осиё минтақаси ва Жанубий кореялик фольклоршунос олимлар ҳамкорлигида чоп этилган 300 бетлик эртак, матал, ҳикоялар китоб-тўплами халқлар ўртасида маданий алоқалар ва маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

– Ўзига хос фаолият сарҳисоби ҳисобланган қўмита мажлисида халқ оғзаки ижоди намуналарини кенг тарғиб қилишнинг самарали усуллари, ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилиши учун истеъдодли ижодкорларни жалб қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди, – дейди фольклоршунос олим Ўрозали Тошматов. – Ўтган вақт мобайнида Олмаота ва Бишкек шаҳарларида ўзбек адиби Раим Фарҳодийнинг асари асосида “Ёш мусиқачи” спектакли намойиш этилган эди. Тадбирда келгусида иштирокчи давлатлар ижодкорларининг ҳам сара асарларини китоб шаклида нашр этиш ва саҳналаштиришга келишиб олинди.

Халқаро қўмита мажлиси доирасида қатор тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Болалар учун “Китоблар ярмаркаси” ташкил этилиб, унда ўзбек ва корейс ижодкорларининг китоблари ва уларга ишланган расмлари тақдимоти ташкил этилади.

Дилобар Маматова, ЎзА
3 028