ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Осиё Чемпионлар лигасининг 2020 йилги мавсумида Ўзбекистон шарафини қайси клублар ҳимоя қилишади?

Осиё Чемпионлар лигасининг 2020 йилги мавсумида Ўзбекистон шарафини қайси клублар ҳимоя қилишади?
“Пахтакор” — чемпион, “Локомотив” ва “Бунёдкор” — Ўзбекистоннинг иккинчи ва учинчи жамоалари сифатида

ОФК бу йилги ОЧЛ мусобақасида Ўзбекистон клубларига 1+2 кўринишидаги жой ажратганидан хабарингиз бор. “Пахтакор” мавсумни кўтаринки руҳда ўтказиб, муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритиб, тўғридан-тўғри ОЧЛнинг гуруҳ ўйинларига йўлланма олиб бўлган. “Локомотив” ва “Бунёдкор” жамоалари эса чемпионатнинг биринчи ва иккинчи жамоалари сифатида энди ОЧЛнинг саралаш ўйинларида иштирок этади. 

Келаси йилнинг 21 январида старт оладиган ОЧЛ саралаш ўйинларида “Локомотив” дастлаб ўз майдонида Тожикистоннинг “Истиқлол” жамоасини қабул қилади. “Темирйўлчи”лар рақибларини мағлубиятга учратган тақдирда саралашнинг иккинчи босқичида сафарда Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” клубига қарши баҳс олиб боради. Шунда ҳам зафар қучган тақдирдагина гуруҳ ўйинлари иштирокчисига айланади.

“Бунёдкор” эса аввалига ўз уйида Ироқнинг “Аз-Завра” жамоасини мағлуб этиши, кейин сафарда БААнинг “Ал-Айн” жамоаси қаршилигига дош бера олиши талаб этилади. Шу вазифаларнинг бари бажарилгач, учта клубимизнинг ОЧЛдаги гуруҳ ўйинларини кузата бошлаймиз.

Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 10 декабрь куни Куала-Лумпурда Тошкент вақти билан 13:30 да бошланади.

926
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА