ЎзА Ўзбек

17.08.2018 23:04 Чоп этиш версияси

Орзуингиз ушалсин, ҳожи бобо!

Орзуингиз ушалсин, ҳожи бобо! Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари ривожланиб бормоқда. Тошкент ва Душанбеда савдо-саноат кўргазмалари ташкил этилмоқда. Ўзбекистон тожик халқи талабларини, Тожикистон 33 миллионли ўзбек халқининг бозорини ўрганмоқда.

Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Cавдо-саноат палатасининг раиси Шариф Саид бундай дейди:

– Тадбиркорларнинг иқтисодий алоқаларини фаоллаштириш, чегарадош вилоятларда савдо-сотиқ ишларини, хусусан, тоғ-кон, машинасозлик, енгил ва тўқимачилик саноати, йўлсозлик, транзит, мева-сабзавотни қайта ишлаш каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш зарур. Туризм ҳам стратегик соҳалардан бирига айланмоқда. Айни бир пайтда маҳсулотларимизни тарғиб қилувчи кўргазмалар, конференциялар, тадбиркорлар мулоқоти – бизнес-форумлар ташкил қилиш лозим. Бу ишларнинг барчаси икки давлат халқлари манфаатларига хизмат қилади.

Навбатма-навбат Душанбе ва Тошкентда ўтказиладиган бизнес-форумлар тадбиркорларни бошини бошига қўшди, корхоналарни биродарлаштирди ва кўплаб масалаларни ҳал қилишга хизмат қилди. Товар айирбошлаш ҳажми аввалги йилга нисбатан қарийб 6 баробар ортди.

Тожикистонда Ўзбекистоннинг 56 компанияси ўз ваколатхонасини очган. Давлат чегарасидаги саккизта автомобиль, битта темир йўл ва 9 та назорат ўтказиш пунктлари қайта тикланди.

Тожикистонда мамлакатдаги эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида қўшма корхоналар ташкил қилишда хорижлик мулк эгаларига қатор қулайликлар, солиқ имтиёзлари яратилган.

Тожикистонга пресс-тур учун таклиф этилган МДҲ журналистлари Мирзо Турсунзода шаҳри яқинидаги “Ҳожи Неъмат” деҳқон хўжалигида бўлди. Хўжаликнинг 72 ёшли раҳбари Неъмат бобо Усмонов Регарда туғилган. Ота-боболари эса Олтиариқдан. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон нутқларининг бирида Неъмат бобони катта ҳурмат ва эҳтиром билан "шахсий дўстим" деб атаган.

Журналистлар билан суҳбатда Неъмат бобо "Бир орзуим бор. Шавкат Мирзиёевнинг қўлини сиқиб, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкам қилиб тиклаётгани учун чин қалбдан катта раҳмат айтмоқчиман", деди.

Орзуингиз ушалсин, Ҳожи бобо!

И. Абдухолиқов, ЎзА
5 489