ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Қоровулбозор туманида 3 киши ўз жонига қасд қилган

Қоровулбозор туманида 3 киши ўз жонига қасд қилган

Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани прокуратураси томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш борасида маҳалла фуқаролар йиғини ва барча турдаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти соҳасида ўтказилган ўрганишлар натижасида, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини, уларга имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш бўйича туман ИИБ бошлиғи номига 12 та тақдимнома киритилди. 

13 та ноқонуний қарорлар бекор қилинди. Қонунга мувофиқлаштириш бўйича протестлар киритилиб, 1 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарорларнинг 6 таси бекор қилинган.

Туманда жиноятчилик аҳволи таҳлил қилинганда, ҳудудда содир этилган жиноятлар жорий йилнинг 6 ойида 22 та бўлиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 11 тага, жиноят қидирув йўналиши бўйича 6 тага ошган. Жорий йилнинг ўтган даврида ўз жонига қасд ва суиқасд қилганлар 3 нафарни ташкил этган.

photo_2020-08-05_19-16-09.jpg

Туман прокуратураси томонидан туман ИИБ нинг жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг кўриб чиқилиши, қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги ўрганилганда, туман ИИБ ходимлари томонидан ҳудудда содир этилган жиноятларни асоссиз равишда жиноят иши қўзғатишни рад қилиш орқали ёки маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатиш орқали жиноятларни яшириш ҳолатларига барҳам берилмаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида туман прокуратураси томонидан 124 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 93 тасига тушунтириш берилган, 31 таси қаноатлантирилган. Мурожаатларнинг 67 таси меҳнат муносабатларига, 8 таси уй-жой масалаларига оид бўлса, 19 та мурожаат фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари, 6 таси тадбиркорлик ҳуқуқлари, 4 таси ерга оид қонунлар юзасидан, 1 та прокуратура ва 2 таси ИИБ жиноят ишлари ва материаллари бўйича, 4 таси маъмурий суд ишини юритиш бўйича 10 таси бошқа масалалар юзасидан келиб тушган мурожаатлар ҳисобланади.

Туман прокуратураси биносида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун видеокамера билан жиҳозланган алоҳида хона ажратилган бўлиб, ўтган давр мобайнида ходимлар томонидан 46 нафар жисмоний ва юридик шахслар қабул қилинган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлат ва жамият ҳаётида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда қонун устуворлигининг таъминланиши ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи ўрин тутади. Фуқароларнинг тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитни яратиш прокуратура органлари ходимларининг энг олий мақсадидир.

3 382
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА