ЎзА Ўзбек

01.06.2018 11:41 Чоп этиш версияси

Оромгоҳлар иш бошлади

Сурхондарё вилоятидаги оромгоҳларда жорий йил ёз мавсумида 21 мингдан зиёд ўғил-қизнинг мароқли дам олишини таъминлаш ва соғломлаштириш режалаштирилган.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасидан олинган маълумотларга кўра, оромгоҳлар келажагимиз эгаларини соғломлаштириш мавсумига пухта ҳозирланди. Бино ва иншоотлар таъмирланиб, замонавий усулда жиҳозланди. Электр ва газ жиҳозлари, ускуналари кўрикдан ўтказилиб, ўт ўчириш мосламалари билан таъминланди. Сўлим оромгоҳларга олиб борувчи йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Олтинсой туманидаги “Мироб” хусусий болалар оромгоҳи бир босқичда 200 нафар ўғил-қизни мазмунли дам олдириб, соғломлаштириш қувватига эга. Хушманзара тоғ бағрида жойлашган оромгоҳнинг ётоқхона, маънавият, тиббиёт, тўгарак хоналари, ошхона, омборхона ва чўмилиш ҳавзалари, ёзги клуб, ўйингоҳ ва бошқа қўшимча бинолари тўлиқ таъмирланди. Ётоқхона, ошхона ва бошқа иншоотлар зарур жиҳозлар билан таъминланган. 

– Айни пайтда масканимизда болажонларни мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар яратилган, – дейди “Мироб” болалар оромгоҳи директори А.Лутфуллаев. – Малакали педагоглар, тарбиячи ва тўгарак раҳбарлари, хорижий тил мутахассислари ўқувчилар хизматида. Ўғил-қизларимизни сифатли овқатлантириш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишга ҳам алоҳида эътибор бермоқдамиз. Шу мақсадда дармондорига бой таомлар тайёрланади. Мева-сабзавот билан узлуксиз таъминланади. Турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ва қизиқарли викториналар ташкил этилади.

Термиз шаҳрида барпо этилган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги “Амударё”, Шеробод туманидаги “Бешбулоқ – Сурхон – Шеробод”, Сариосиё туманидаги “Сардор Парварвин”, Денов туманидаги “Чашма Тошпўлатбой” хусусий, “Сурхон пармалаш ишлари” акциядорлик жамиятининг “Нефтчи” оромгоҳларида ҳам ободонлаштириш ишлари сифатли якунланди.

Вилоятнинг тоғли ҳудудларида туннинг совуқ бўлаётгани эътиборга олиниб, бу гўшалардаги оромгоҳлар июнь ойининг иккинчи ўн кунлигидан ўз фаолиятини бошлайди. Термиз шаҳридаги “Амударё” болалар оромгоҳи биринчи июндан икки юз нафар ўғил-қизни ўз бағрига олди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
10 791