ЎзА Ўзбек

24.08.2018 15:05 Чоп этиш версияси

​Орол фожиасини бартараф этишда минтақавий шериклик муҳим

​Орол фожиасини бартараф этишда минтақавий шериклик муҳим
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг кенг доирадаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон делегациялари аъзолари, Жамғарма бошқаруви вакиллари иштирок этди.
Туркманбоши шаҳри, 24 август. ЎзА мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон раислигида мазкур кўп қиррали тузилма фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини ошириш бўйича улкан ишлар қилинаётганини таъкидлади.

Қарийб ўн йиллик танаффусдан сўнг ўтаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг бугунги тарихий мажлиси ташкилот фаолиятида янги саҳифа очади, Марказий Осиёда минтақавий шерикликка катта суръат бағишлайди. Биз бу борадаги ўзаро ҳамкорликка қатъий тайёр эканимизни яна бир бор тасдиқлаймиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Орол денгизи қуришининг оқибатлари тобора чуқурлашаётгани, Оролбўйи атрофидаги чўлланиш бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олаётгани, сув ресурслари танқислиги, ер деградацияси, биохилма-хилликнинг камайиши ва бошқа салбий омиллар минтақада жиддий экологик ўзгаришларга олиб келмоқда. Шу жиҳатдан, мазкур саммит Орол муаммоси оқибатларини енгиб ўтиш ва минтақада ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, мамлакатларимиз манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув ва экология билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан муҳим.

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси бу борадаги ягона минтақавий ташкилотдир. У мамлакатларимиз ҳамкорлигининг таъсирчан механизмига айланиши мумкин. Ишонаманки, ташкилот доирасида минтақанинг барча мамлакатлари манфаатлари ўртасида мувозанатга эриша оламиз. Зеро, умумий келажагимиз – ўзимизнинг қўлимизда, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудга хорижий инвестицияларни жалб этиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа масалалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурди.

Мажлисда давлат раҳбарлари Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш умумий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масаласига бевосита боғлиқлиги, бу борадаги оқилона қарорлар минтақа мамлакатлари фаровонлигига хизмат қилишини таъкидладилар. Алоҳида қайд этилдики, ушбу муаммога ҳудуднинг барча мамлакатлари ва халқлари манфаатлари билан баравар ҳисоблашишдан – бошқа ечим йўқ.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар ушбу саммит, ўз аҳамиятига кўра жамғарма фаолиятида янги босқични бошлагани, унда ўртага ташланган таклифлар ижобати Марказий Осиё халқлари фаровонлигини яхшилаш йўлидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

ЎзА
7 131