ЎзА Ўзбек

12.01.2019 10:39 Чоп этиш версияси

ОРИЯТ ҚЎРҒОНИДАГИ АЙТИМЛАР...

ОРИЯТ ҚЎРҒОНИДАГИ АЙТИМЛАР...
Ҳар бир умр қимматли. Ўз ҳолича инсониятнинг юксалишига хизмат қилади. Баъзан ҳаёт оралаб, ўйга толасан. Нега ундай ё бундай деган саволлар хаёлингда гир айланади. Бирни кўриб шукр қил, мингни кўриб фикр қил, деган нақл ёдга тушади. Тўғри, ҳеч кимнинг хато ва камчиликлардан холилиги кафолатланмаган. Лекин кўра била туриб, уст-устига кечирилмас хатони такрорлаш жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Айниқса, ҳаёт-мамот масаласида бўлса. 

Ишонинг, оила — биз ўйлаётгандан ҳам улуғроқ неъмат. Инсониятнинг барча муваффақият сири ҳам айнан оилададир. Дунё тамаддунига хизмат қилган жуда кўплаб зотларнинг шаклланишида мўъжаз оила улғайиш қўрғони вазифасини бажарганлигини биров инкор этолмайди. Оилани асраш борасида юртимизда амалий ишлар тизимли йўлга қўйилган. Шундай бўлса-да, бугунги кунда оилавий ажримлар Ўзбекистон ҳукумати олдида турган энг йирик масалалардан бири бўлиб қолмоқда. 

photo5318930135962986845.jpg

Эътиборингизни бир нарсага қаратайлик-а?! Шириндан-ширин аҳду паймонлар билан қурилаётган юз оиладан сал кам қирқ-элликтасининг қулаб тушгани, дарз кетгани сабаби нимада? Нега шундай бўлмоқда? Биламан, сиз ҳам менга ўхшаб бир-биридан қолишмайдиган даражада ночор важларни санаётган бўлсангиз кераг-ов! Лекин... Арзирли сабабми улар: менимча йўқ. Боғланган ришталарнинг узилиши учун жиддий нуқсонлар бўлиши шарт. Ёши улуғлардан эшитганим бор: агар бир оила парчаланиб, хотинини талоқ қилганида, у ҳақли бўлган тақдирда ҳам Яратганнинг арши аълоси зир титрар экан. Ҳуда-беҳуда ажраб кетаверишни эса ҳамма ҳамиша қоралаган. Айниқса, шарқ мамлакатларида. Бизнинг номус-орли аждодларимиз ҳам бунга тиш-тирноғи билан қарши турган, албатта. Яқин-яқингача қизи эрдан қайтиб келган оила аъзолари кўчада бош кўтариб юролмасди. Агар бу ажрашишга эр сабаб бўлса, ушбу оиланинг кейинги фарзандларига ҳам таъсир қилар, тенгларини топишда жуда қийналишарди. Уларни таниган ҳеч бир оила қиз бермас, қизини келин қилмас эди. Шунданми, кимнингдир келини кетиб қолибди ёки қизи қайтиб келибди деган гапни эшита туриб, бир сесканиб тушардик. Бугун-чи?! Уф-ф-ф... Бирон сўз айтишга тилим бормайди. Эссиз-а, дейишдан ўзга чора тополмайман. 

Машҳур “Келинлар қўзғолони” спекталида таъкидланганидек, буни кўрса, ё эшитса аждодларимиз гўрида тикка туради. Наҳотки, шулар бизнинг авлодлар бўлса-я, деб ҳайратдан лол қотиши тайин.

photo5318930135962986846.jpg

Энди сабабларга қайтсак. Чиндан ҳам муаммо нимада? Келинг, ўзим гувоҳи бўлган воқеалар орқали изоҳлашга уринаман.

Бир яқинроқ танишим, қадрдон деса ҳам бўлаверадиган киши ҳақида. У хорижий тилларни мукаммал билади. Бир эмас, бир нечта давлатда ўқиб, илм олиб, йўл-йўлакай ўзига жуфт танлаб қайтди. Тўй бўлди. Икки ёш яна нуфузли олийгоҳда таҳсилни давом эттириш учун ўша олис юртга йўл олишди. Ота-оналар яккаю ягона фарзандлари бўлган бу икки ёшни бир амаллаб гарчи кўзлари қиймаса-да, келинининг сўзи ерда қолмаслиги учун жўнатишди. Орадан бир йил ўтиб-ўтмай куёвбола интернетдаги манзилимга қолдирган шум хабарга кўзим тушди. Очиғи, хабарни ўқиб, э, садқаи эркак дедим. Нимамиш хотин ўлгур бошқасини севиб қолганмиш. Ё тавба! Охир-замон бўлгани шу бўлса кераг-ов, дедим ўзимга ўзим. Бир фурсат ўтмай эр тушмагур чамадонини қўлтиқлаб қайтиб ҳам келди. Ҳа, нима гап десам, ўзини бечорадан-бечорага солиб дардини дастурхон қилди, денг. Бундай дўстим борлиги учун ўзимдан нафратланиб кетдим. Ахир, қани эркакнинг ўрни: гаҳ деса қўнмайдими қўлга, хотин дегани. Лоақал, эъзозу ҳурмат учун. Қўрқишини назарда тутганим йўқ. Балки, қўрққани ҳам яхшидир. Аввало Ҳақдан. Ўша биз биладиган мултфильм қаҳрамони айтганидек, “қўрқса ҳурмат қилар” зора. Хуллас... 
Ўрта бўй, оқ сариқдан келган, сал беандиша кулиб турадиган қиёфали: силлиқ сочлари ҳам сийраклаган танишим янги қарорга келгани ҳақида ҳаммамизга хабар тарқатди.

Қисқаси яна уйланди. Бой хонадонга куёв бўлди. Ўзидан анча ёш қиз билан никоҳ ришталарини боғлади. Афсуски, кўп ўтмай, эски ҳол такрорланди. Эр-хотиннинг оралари бузилди. Вазият ниҳоятда чигаллашиб, ажралишди. Бир ўғил фарзанд етим қолди. Бунинг боисини қулоғингизга айта қолай-а?! Эркакона қарашларнинг ўтмаслашганида! «Кўзингдан уқиб олмайдими, аёл дегани. Э, инсон шундай қилиб тарбия қилмайсанми-а?!» Оҳ, дейман, оҳ! Фиғонимдан ўт чақнайди.

photo5318930135962986847.jpg

Биласизми, ҳалиги танишим фейсбук тармоғида нотаниш қиз билан тушган суратини тарқатди. Ушбу расмга ёзилган изоҳдан ҳайратим ортди. “Тўй бошладик. Менга муносиби топилди”. Қолганини билмайман. Аммо битта нарсани аниқ айта оламан: бу худбин, шу қизни ҳам бахтиқаро қилади. Боиси, у улғайган муҳит шундай. Отасининг дунёқараши шунақа бемаза эканини ўзи тушуниб-тушунмай билдириб қўйган. Ота ўғлига танбеҳ бериш ўрнига “ҳа, ўғилчам, унда-бунда насл қолдириб юрибсанми?” дер экан. Наҳот, биз эркаклар шу қадар тубанлашиб кетган бўлсак, а?! Қачон бундай бузуқ қараш генофондимизни булғашга улгурди. Албатта, бу билан ҳамма эраклар шундай деб ёзғиришдан йироқман. Лекин битта бўлса ҳам бу разиллик!

Ўтган йилнинг январь ойида бир вилоятда ижодий сафарда бўлганимда, ғоятда аянчли воқеага гувоҳ бўлдим. Суд биноси олдидаги ўриндиқда ёши катта онахон қизи ва ҳали икки ёшга кириб улгурмаган набираси билан ўтиришарди. Бувиси узоқларга қараб узоқ хаёл сурарди. Нимадандир ўкинаётгани юз ифодасидан яққол сезилиб турибди. Қўлига тақиб олган никоҳ узугини бошмолдоғи билан силаб, қизига нималарнидир уқтирарди. Назаримда, қизига ҳам айтишга ботинолмаётган оғир дард бордек эди гўё. Пилдирабгина ўзи билан ўзи андармон бўлаётган Севинч исмли набирасига бир қарайди, қизига яширинча бир нигоҳ ташлайди. Севинч — шундай ёқимтой қизча эканки, уни маҳкам қучиб, бўйларидан ҳидлагинг, лўппи-лўппи юзларидан тўйиб-тўйиб ўпгинг келади. Чучук тилида онаси ва бувиси нималарнидир тушунтиришга уринади баъзан. Бувиси ёнидаги сумкасидан унга аталган шоколадни бераркан, Севинч суйинганидан бувисининг ажин оралаган бўйнига бош қўйиб, митти қўлчалари билан қаттиқ бағрига босди.

photo5318930135962986848.jpg

Шунда бувиси Севинчни оҳиста ерга қўйиб, боядан бери телефони қулоғидан тушмасдан судни кутаётган йигитга қарата: «Бор дадангни олдига» деди. Кейин ўзидан-ўзи гапира кетади.

– Боласини ташлаб кетганига икки йил бўлди-я! Номард бир кўрай, иссиқ-совуғидан хабар олай демади-я? Майли, онасини ёмон кўрса, фарзанд уники эмасми?

Қулоғимга чалинган гап-сўзлар бир оз эсанкиратиб қўйди. Ёпирай, шунақаси ҳам бўларканми, дедим. Бир ҳафта давомида сафарда бўлиб, ҳали ёшига тўлмаган қизимни соғиндим. Уни кўргим келганидан телефонда унинг турли чала-чулпа товушларини соатлаб эшитиб тураман. Қандай одамлар бор-а?! Уларга бир баҳо беришга ҳам оғринасан киши. 

Энг ёмони, у ота, қизи ёнига борса ҳам, кўрмаганга олди. Янада аниқроғи, терс юриб кетди. Айтинг-чи, бу ҳолни қандай оқлаб бўлади? Бундай “ота”лар қайси гўшада камолга етаяпти? Фарзандидан бўйин товлаган эр, оталик шаънига доғ туширувчилардан саналади. Ахир, миллатнинг шонли келажаги учун ҳам меҳр кўрган фарзандлар керак-ку?! Меҳрга зор, аламзада қалб соҳибининг жамиятга мослашуви ҳам қийин кечади. Энг ёмони, ёвуз истак билдирган кўрнинг ҳолатига ўхшаб қолмайдими?! Яъни, ҳамма ёппасига кўр бўлсин демайдими, ёинки шу ҳолга имкон яратиб бермайди, деб ўйлайсизми?!

photo5318930135962986849.jpg

Оилаларнинг бузилишида тўғри тарбия топмаган келинларнинг ҳам ҳиссаси етарлича. Бунда қиз улғаяётган оиладаги дарз кетган қадриятлар, чиркин муҳит ҳам сабабдир. Кўпинча ота рўзғорни бутлай, оиламнинг бирини икки қилай деб туну кун меҳнат қилади-ю, асосий бурчини унутади: бола тарбиясини...

Кейин сиз билан бизга таниш ҳол рўй бераверади: қаровсиз муҳитда катта бўлган қиз, эрга, қайнонага бўйин эггиси келмайди, шусиз ҳам пишир-туширни эплолмайдиган тантиқ қиз кўч-кўронини йиғиштириб ота уйига шошади. Шундоқ ҳам ҳафсаласи пир бўлган қудалар унинг йўлини тўсиб, йўқ кетмагин дейишмайди. Кетса катта кўча, қабилида иш тутишади. Бир-биридан аразлаган қудалар ҳам бу ҳолга бепарво: нима, ман унга бош эгаманми, дейишади. Икки ўртада янги оила бузилади. Фарзанд туғилмасидан етим деган тамғани олади...

Бу каби кўнгилсизликларнинг ягона чораси — тарбия! Айб кимдалигини аниқлаш, ҳақни ноҳақдан ажратиш тегишли идораларнинг иши. Бироқ солиҳ фар¬занд¬лар тарбияси охират учун эзгу амал эканлигини доимо ёдда тутайлик. Жиндай эътиборсизлигимиз боис, эртага бошимизга кулфатлар ёғилишининг олдини олайлик. Яхши хулқли фарзандлар ортидан эшитган раҳматимиз, жамиятнинг шиддат билан тараққиётга эришувида асосий вазифани бажаради.

Ғайрат ШИРИНОВ, ЎзА
2 447