Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 18:24 Чоп этиш версияси

Қорасувда шаръий никоҳ билан яшаётган 18 оиланинг никоҳи қонуний расмийлаштирилди

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан 1-25 август кунлари мамлакатимизда “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” мавзусида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида Қорасув шаҳрида ҳам муайян ишлар қилинмоқда. 

Қорасув шаҳри мамлакатимизнинг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош чекка ҳудудларидан бири. Шаҳарда мавжуд 10 маҳалла фуқаролар йиғинида 9 мингдан ортиқ оила бор ва 34 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Шаҳримизда нотинч оилалар у қадар кўп бўлмаса-да, оилаларни мустаҳкамлаш борасида қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Жумладан, ойлик доирасида шаҳардаги нотинч, ажрим ёқасида турган, турли муаммолари бўлган оилаларни қайта хатловдан ўтказиш, мазкур оилаларда тинчлик-хотиржамлик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинган. Катта ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида ҳурмат қозонган отахону онахонлар ва фаоллардан иборат гуруҳлар тузилиб, нотинч оилалар билан иш олиб борилмоқда. Шу тариқа оилани парокандаликка олиб келган муаммо ва омиллар ўрганилаётир.

Бундан ташқари, эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича уларнинг ҳар бири билан якка тартибда суҳбат ўтказилиб, муросага келтирилмоқда. Бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар вакиллари, маҳалла фаоллари, ҳаж зиёратини адо этган отахон ва онахонлардан иборат мураббийлар бириктирилган.

Умуман, нотинч оилалар билан олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Кейинги икки ойда 34 нотинч, ажрим ёқасидан турган оилалардаги муаммолар бартараф этилди. Айниқса, ойлик доирасида оилавий ажримларга йўл қўймаслик, ажримларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида шаҳримизда шаръий никоҳ билан яшаётган оилалардан 18 тасининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.

Ноқонуний, эрта турмуш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, аёллар жиноятчилиги билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан мана шундай ҳолатлар қайд этилган Пахтачи, Амир Темур маҳаллаларида тарғибот-тушунтириш ишлари кучайтирилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, аёллар жиноятчилиги ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин камайди. 

Шаҳримизда яшовчи К. исмли аёл ҳамшаҳарлари ишончини суиистеъмол қилиб, фирибгарлик йўли билан ўзгалар пулини ўзлаштиришга уриниб, жиноят содир этди. Тузилган ишчи гуруҳ томонидан ушбу ҳолат жойига бориб таҳлил қилинди, ҳолатни келтириб чиқарган омиллар ўрганилди. Жиноят содир этган аёл муҳокама қилиниб, унга нисбатан кенг жамоатчилик, маҳалланинг таъсир чоралари кўрилди. Олиб борилаётган ишлар жиноятчиликка мойил аёлларни мулоҳаза билан иш юритишга, ножўя ишлар қилмасликка ундаши аниқ.

Маҳаллаларда жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш, суицид ҳолатлари профилактикаси, оила билан боғлиқ қадим ва ўзига хос қадриятлар, эзгу урф-одат ва анъаналарни тарғиб этишга қаратилган ишларни олиб бориш юзасидан ҳам аниқ чоралар белгиланди. Хусусан, оилалар мустаҳкамлигига эришиш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида “Энг яхши қайнона”, “Энг намунали келин”, “Ибратли қайнота” сингари танловлар, айниқса, ёш келин-куёвлар, турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказиб борилади. Бундан ташқари, фарзанд тарбияси, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, тўй-маърака ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ва тартибли ўтказиш борасидаги ишлар янада кучайтирилади.

Белгиланган ишларни амалга оширишда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, мутасадди ташкилотлар, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарур. Шундагина биз ўзимиз кутган натижа ва самарага эриша оламиз.

Наргизахон Холматова,
Қорасув шаҳар ҳокимининг ўринбосари,
хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ЎзА
4 854