ЎзА Ўзбек

02.08.2020 Чоп этиш версияси

​Орамиздаги одамлар: нақши ҳам, бахти ҳам меҳнат билан...

​Орамиздаги одамлар: нақши ҳам, бахти ҳам меҳнат билан...

Марғилонда кашта тикишни билмайдиган қизларни "қўли йўқ" деб аташади. Шунинг учун қизлар эсини таниши билан қўлига игна тутиб, матога гўзаллик бахш этиш сирларини ўрганади. 

Адолат Ғуломова ҳам момолардан мерос анъанани болалигидан ўрганган. Мана 80 ёшга кирибдики, ҳамон игна билан сирлашади, матоларга нақш солади. Ҳунари ортидан обрў қозонди. Юзлаб шогирдлар чиқарди. 

— Бизнинг етти аждодимиз ҳам каштадўз бўлган, — дейди Адолат момо. — Каштасиз ҳаётимнинг бир кунини ҳам тасаввур қилолмайман. Эсимни танибманки, игна тутмаган куним йўқ. Меҳнатимиз ортидан кам бўлмадик. Раҳматли турмуш ўртоғим билан фарзандларимни ҳалол едирдик. Уларга меҳнатдан келган бойликнинг тотли эканини англатдик. Аллоҳга шукр, улар бугун элдан кам эмас. Бири тиббиёт, бири санъат соҳасида, яна бири тадбиркор. Барчаси эл корига яраётир. Қизларим тарбияси ва рўзғор тутумидан қудаларим мамнун. Фарзандларим кўникувчан, сабрли. Улар ёшлигида ёнимда ўтириб менга кўмаклашган. Кашта тиккан қизлар ҳар қандай шароитга мослашади, тоқатли бўлади.

Бир сулола тиккан чимилдиқ ва паранжилар иккинчи сулола тиккан маҳсулотларга ўхшамайди. Уларнинг нақши, гулларининг ранги ҳам тубдан фарқ қилади. Маҳсулот нархи ҳам шунга қараб баҳоланар экан. Адолат момонинг айтишича, узоқ муддат ишланган, майда-майда қилиб, нафис дид билан тикилган каштанинг кўриниши нафақат чиройли, чидамли ҳам бўлар экан. 

— Каштанинг ҳар бир қатори назмдаги мисрага ўхшайди, — дейди момо. — Шеър яхши шеър бўлиши учун ундаги қофия, туроқ, вазн жойида бўлиши керак. Кашта ҳам худди шундай. Ҳар бир қаторда иплар тўғри тушиши лозим. Ип нотўғри юрса, тортилса ёки қисилса нақш бузилади. Бугун ҳудудда кашта тикувчилар кўпчиликни ташкил этади. Аммо сўзана ва паранжини яхши тикадиганлар кам. Ўзим ҳам кўп тадбиркор аёлларга паранжи тикишни ўргатдим. Аммо улар бозорларга чиқариб сотаётган паранжиларида нимадир кам, мини бор. Момоларимиз тиккан паранжиларга ўхшамайди. Ё меҳнат кам қилинган ёки меҳр кам қўшилган. Айрим вақтлар паранжи тикишда яхши шогирд чиқаролмаганимдан дилим хира тортади. 

Чеварликда асосан қўл меҳнати талаб этилади. Маҳсулот тайёр бўлишига кўп вақт сарфланади. Паранжи 8-10 кунда, сўзана 10-15 кунда тайёр бўлса, чимилдиқ тикиш учун 5-6 кун вақт сарфланар экан. Ўзи кичиккина бўлса ҳам аёллар дўпписининг тайёр бўлиши учун 2-3 кун ва ундан кўп вақт кетаркан. Айниқса, чевардан куёвлар учун дўппи тикиш учун анча машаққат талаб этиларкан. 

— Баъзи ёшларга ҳайрон қоласан, ўта сабрсиз бўлиб ўсмоқда, — дейди момо. — Ҳунар ўргангани келишади, аммо кашта тикишни ҳали тўлиғича билмасдан папоп, қуроқ, паранжи, сўзана тикишни ўргангиси келади. Танбеҳни ҳазм қилолмайди. Бўш вақтларда кашта тикишни машқ қилиш ўрнига, телефонидан ортай демайди. Қолаверса, қунт, ҳафсала йўқ. Шунинг учун, бугунги келинларимиз сарпосига қаёқдаги дўппиларни сотиб олишяпти. Қунтсиз чеварлар касрига ялтир-юлтир матолардан тикилган, ҳар хил тошлар, патлар ёпиштирилган дўппилар кўпайиб кетяпти. Ўзим келинларимга ҳам, қизларимга ҳам шарқона миллий дўппиларни кийишни тавсия қилганман. Ҳеч бирини паранжисиз узатмаганман. Оилавий паранжи тикишни оммалаштирганимиздан сўнг шаҳримизда ҳам келинлар отасидан фотиҳа олар чоғда биз тиккан паранжиларни ёпиниб чиқадиган бўлди. 

Дўппи, сўзана, паранжи, попоп, кашта тикишни қотирадиган, гапга чечан, меҳнатсевар Адолат момо Абдуваҳоб Йўлдошев билан 63 йил бир ёстиққа бош қўйди. Турмуш ўртоғи одамларга уй солса, опа қизлари билан чеварлик қиларди. Ҳар бир куни ҳалол меҳнатга ошно ўтарди.

Опа ҳар тонг шукрона билан уйғонади. 5 фарзанд, 16 набира, 34 чевара, 3 эвараси борлигидан бахтиёр. Яқиндагина кўзидан жарроҳлик амалиётини ўтказганига қарамасдан, кундузлари қуёш ёруғида ўзининг севимли машғулоти билан банд бўлади. Матолардан маъно ахтаради. Ўйчан нигоҳида босиб ўтган умрига назар ташлайди. Марҳум турмуш ўртоғи билан ўтказган бахтиёр кунларини эслайди. Мазмунли ўтаётган умридан мамнунлик ҳиссини туяди. Зеро, ўзбек аёли учун бундан ортиқ неъмат йўқ. 

Дилобар Маматова, ЎзА

2 111