ЎзА Ўзбек

12.07.2018 16:19 Чоп этиш версияси

Қоракўлчилик: амалиёт ва истиқбол

Қоракўлчилик: амалиёт ва истиқбол
Навоий вилоятида қоракўлчиликни ривожлантириш, соҳага илғор тажрибаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йиллар давомида чўл табиатининг кескин ўзгариб бориши, қурғоқчилик оқибатида яйловларнинг қашшоқланиши туёқ сонининг камайишига олиб келди. Айни масалаларни тизимли ҳал этишда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 мартдаги “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, соҳада хусусий мулкнинг устувор аҳамияти ва ўрнини таъминлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ҳамда рақобатбардошлигини оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланди.

Мазкур қарор асосида Конимех туманидаги чорвачиликка ихтисослашган ширкат хўжаликларининг мулкчилик шакли ўзгартирилиб, ҳудудда қоракўлчилик йўналишида 7 масъулияти чекланган жамияти ва 59 фермер хўжалиги ташкил этилди. Бугунги кунда улар тасарруфида 1 минг 230 гектар яйлов ҳамда 781 гектар сувли ерлар мавжуд. Ушбу корхоналарда 266 мингдан ортиқ қўй, 612 туя, қарийб 2 минг 700 от парваришланмоқда. Жамият ва фермерлар ихтиёридаги 403 чўпон уйлари, 623 очиқ ва ёпиқ қўра, 349 қудуқ ёзги мавсумга мослаштирилган ҳолда тўлиқ таъмирдан чиқарилган. 

– Ширкатларнинг тадбиркорларга бўлиб берилгани чорвадорларда мулкдорлик туйғусини мустаҳкамлаб, меҳнатга муносабатни кескин ўзгартирди, – дейди “Янгиқазған-Нурли-Диёр” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Байжанов. – Энг муҳими, шу асосда ўнлаб янги иш ўринлари яратилди. Қайта ташкил этилган қоракўлчилик ва чорвачилик ширкатлари ҳудудида зооветеринария хизмати пунктлари, ёқилғи-мойлаш материаллари сотиладиган тегишли нефть базаларининг филиаллари, ем-хашак билан таъминлаш омборлари, бозор ва бошқа объектлар барпо этилмоқда.

Ширкатларнинг мулкчилик шакли ўзгартирилиши, шубҳасиз, соҳа тараққиётига хизмат қилади. Эндиликда тадбиркор ва фермерлар ички имкониятлар билан чекланиб қолмай, сифатли маҳсулотларни хориж бозорига олиб чиқишни мўлжалламоқда. Бу борада мулкдорларга қайта ташкил этилган “Қоракўлчилик” ҳудудий уюшмалари ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатаётир. Мазкур уюшма қоракўлчилик тармоғини ривожлантириш, зотли қўйларнинг соф генофондини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш мақсадида илмий-амалий тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган селекция-наслчилик дастурларини амалиётга татбиқ этади. Шунингдек, жаҳон бозорида қоракўлчилик маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифни ўрганиш, қоракўл жуни ва терисини қайта ишлаш, экспорт учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича маркетинг тадқиқотларини амалга оширади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор қабул қилингандан кейин ўтган бир йилда амалга оширилган ишлар самараси бугун амалда ўз исботини топаётир. Ҳомийларнинг саъй-ҳаракатлари билан Қизилқум яйловлари зотли қоракўл қўйлари, йирик шохли моллар, йилқи ва туялар билан тўлмоқда. Олис ҳудудларга сармоядорлар билан бирга саноат ҳам кириб келади. Бу эса, воҳада қоракўлчилик истиқболларини янги босқичга олиб чиқади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
10 173