ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

Қоракўл мактаби асосчиси номидаги математика олимпиадаси ғолиблари аниқланди

Қоракўл мактаби асосчиси номидаги математика олимпиадаси ғолиблари аниқланди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Қоракўл мактаби асосчиси, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Тўхтамурод Жумаев номидаги математика олимпиадаси ўтказилди.

"Қоракўл зиё" ўқув маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фан олимпиадасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 1200 га яқин мактаб ўқувчиси иштирок этди.

Олимпиада очилишида таъкидланганидек, ёшларимизнинг иқтидори, маънавий-маърифий салоҳиятини кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мактаб таълимини ривожлантириш учун зўр имконият, етарлича маблағ йўналтирилаяпти. Ўқувчи-ёшларнинг муайян фанларга бўлган қизиқишини ошириш, истеъдодини тўғри йўналтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги "Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ёш авлоднинг илм эгаллашга бўлган иштиёқи ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилган фан олимпиадаси Тўхтамурод Жумаев номи билан аталишида ҳам чуқур маъно бор.

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Тўхтамурод Жумаев кўп йиллар давомида математика ўқитувчиси бўлиб фаолият юритган. 1990-2015 йилларда Қоракўл туманида ўзи асос солган 1-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернатида директор вазифасида ишлаган. Бу мактабда ўзига хос таълим олиш тизими жорий қилинган. Мактаб ўқувчиларининг тўқсон фоизи олий ўқув юртига қабул қилинган.

Шу билан бирга мазкур мактаб ўқувчилари математика фанидан халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, кўплаб медалларга сазовор бўлган.

Шу боис, Тошкентда ўтказилган олимпиадада 5-11-синф ўқувчилари қатнашди. Республика ва халқаро олимиадаларда ғолиб бўлган математиклар томонидан беллашувнинг савол ва топшириқлари давлат стандартлари асосида тузилди. Олтита саволдан иборат ушбу топшириқлар мураккаблиги турлича даражада бўлган масалалардан иборат бўлди.

Олимпиада якуни бўйича 5-6-7-синфлар ўртасида Юсуфжон Ортиқов, 8-9-синфлар ўртасида Анварбек Раҳматов, 10-11-синфлар ўртасида Дониёр Исмоилов биринчи ўринга муносиб топилди. Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

2.JPG

15.JPG

16-faqat saytga.JPG

5 825
Назокат УСМОНОВА, ЎзА