ЎзА Ўзбек

18.09.2018 Чоп этиш версияси

Орадан бир йил ўтди, ёшлар масаласида нималар ўзгарди?

Юртимиз истиқлолга эришгач, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жараёнида ёшлар, уларнинг таълим-тарбияси, порлоқ келажаги, ўй-хаёллари, орзу-истакларига алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ёшлар масаласига ҳам эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари таҳдидлар, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизи хусусида тўхталар экан, “Одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир”, деб таъкидлаган эди.

Маълумотларга кўра, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиардни ташкил этмоқда.

Демак, сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Таълим-тарбиягина бу жараёнда соғлом фикрли, юксак салоҳиятли ва фидойи фарзандларни вояга етказишда муҳим омил бўлиб қолаверади.

Президентимиз БМТ минбаридан туриб “Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз” деди.

Шунинг ўзиёқ бу қатлам ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қай даражада муҳим эканлигини кўрсатади. Уларни тўғри йўналтириш, ёт ғоялардан асраш, салоҳиятини юксалтириш эса асосий вазифалардандир.

Бу каби алоҳида эътибор ва эъзоз сабаб, янгидан-янги ташаббус, ғояларни илгари суриб, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда шу қатламнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади.

Юртимизда эса бу борада тизимли ишлар қилинмоқда. 2016 йил 14 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ёшларга эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, имтиёз ва имкониятлар бериш йўналишидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Шу асосда ёшларга замонавий таълим олиш, уй-жой билан таъминлаш, оила қуриш учун имтиёзли кредитлар ажратишда катта имкониятлар, тизимли ижтимоий кафолатлар тақдим этилмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Президентимиз жорий йил 27 июнда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида“ги фармонни имзолади.

“Yoshlar – kelajagimiz“ Давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz“ жамғармаси, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилмоқда.

Бунда ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш каби ишлар назарда тутилган.

Шунингдек, амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш, тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш ҳам кўзда тутилган.

Бу каби амалий ҳаракатлар замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш, мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришга хизмат қилади.

Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор юртимизнинг жадал тараққиёти, турмушимиз фаровонлигига эришишнинг асосий йўлларидандир.

3 802
Барно Мелиқулова, ЎзА