Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 14:51 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонлик 35 нафар коллеж ўқувчиси В1 даражадаги сертификатга эга бўлди.

Қорақалпоғистон Республикасида чет тилини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган даъвогарлар аниқланди.

Шулар орасида инглиз тили бўйича энг юқори балл тўплаганларнинг бири Айжамал Мадиярова ҳозирги кунда Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали қошидаги 3- академик лицейнинг 3-босқичида таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида Тошкент молия институтига ўқишга топшириш ниятида.

Айимгул Халкназарова эса, немис тили бўйича 112 балл тўплаб В1 даражадаги сертификатни қўлга киритди. У ҳам шу лицейнинг 3-босқич ўқувчиси. Келажакда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳужжат топширмоқчи.

Жорий йил февраль ойида Нукус тумани агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида 71 нафар даъвогар ўқувчилар чет тилини билиш даражасини аниқлаш сертификатига эга бўлиш учун оғзаки имтиҳон топширган эди. Шундан 35 нафар коллеж ўқувчиси В1 даражадаги сертификатга эга бўлди. Энди Айжамал ва Айимгул каби улар ҳам олий ўқув юртларининг бакалавр йўналишида чет тили бўйича ўтказиладиган тест синовидан озод қилиниб, белгиланган максимал баллга эга бўлади.

– Ушбу сертификат билан энг максимал балл – 75,6 баллни қўлга киритдим. Чунки мен топширадиган йўналишда инглиз тили иккинчи асосий фан ҳисобланади, – дейди Айимгул Халкназарова. – Бундай адолатли мезон яратилгани биз, ёшлар билимини мустаҳкамлайди. Ҳозирги кунда бошқа фанлардан ҳам худди шундай юқори натижага эришиш ҳаракатидаман.

Чет тилини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги А2, В1, В2 даражасидаги сертификат олишни истаган даъвогарларга қўлайлик яратиш мақсадида жорий йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасидан ҳужжат топширганлар Нукус шаҳрида имтиҳондан ўтадиган бўлди. Имтиҳонни тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, лексик ва грамматик компетенцияси, ёзиш кўникмалари, оғзаки синовлари 17-18 апрель кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтади.

А. Насирлаев, ЎзА
5 028