ЎзА Ўзбек

29.03.2020 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистондаги энг охирги йўлбарс қачон ўлдирилган?

Қорақалпоғистондаги энг охирги йўлбарс қачон ўлдирилган?

Дунёда энг охирги турон йўлбарси 1970 йилларда, Қорақалпоғистонда эса 1949 йилда отиб ўлдирилган. Ҳозирда Турон йўлбарсининг фақат қотирилган нусхасини Қорақалпоғистон маданияти ва тарихи музейида кўриш мумкин.

Сиз расмда кўриб турган йўлбарс ови 1894 йилда Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида содир бўлган. Шу пайтдаги Россияга қарашли Туркистон губернияси Амударё бўлимининг махсус батальон аъзолари томонидан Турон йўлбарси маҳаллий аҳолининг талабига кўра йўқ қилинган. Маҳаллий аҳоли йўлбарслардан жабр кўргандан сўнг аскарлардан ёрдам сўраган.

Россияда чоп қилинадиган “Военный сборник” журналининг 1871-йилги сонида шундай воқеа сўз этилади. Орол денгизига қуядиган Сирдарёнинг бўйида яшайдиган Шахан исмли киши овга кетган бир куни тунда йўлбарс ўтов уйига кириб боласини ўлдириб, хотинини қамишга судраб олиб кетади. Эрталаб қайғули воқеадан воқиф бўлган қишлоқ аҳолиси кетмон, қанжар, чўқморлари билан қуролланиб, қони изидан қувиб, тилка-пора қилинган ўлик ҳолдаги мурдани топади. Қаттиқ куюнган Шахан битта ўзи бирнечта йўлбарсларни йўқ қилади. Манбаларда ёзилишича, шу пайтда овчилар билакларини арқон йип билан ўраб, устиларига қалин тери кийиб олиб, оддий қилич билан ўлдирган. Архив ҳужжатлари бўйича, 1880 йилда Оролнинг тубидаги қишлоқда ўтин йиғиб юрган битта аёлни йўлбарс еб қўйган. Ҳудди шундай Перовский гарнизони офицери ҳам чипор йиртқичга ем бўлган. Кечга яқин офицер қўринмай қолганидан сўнг ҳамма уни қидиришга тушади. Йўлбарс офицерни тугини қолдирмай еб қўйган экан. Йўлбарсларни ёппасига қириб ташлаш ана шундай воқеалардан сўнг бошланган бўлса ажабмас.

Википедия маълумотларига кўра, Турон йўлбарси (Каспий йўлбарси) – бугунги кунда Ўрта Осиё ва Қозоғистонда тўла қирилиб кетган. 1950 йилларнинг охирида биронтаси қолмаган туран йўлбарси 1960 йилларда xалқаро Қизил Китобга киритилмай қолган. Турон йўлбарси кўпроқ Сирдарё ва Оролбўйидаги қамишзорларда яшаган. Оролбўйида яшовчи аҳоли ўтган асрнинг 50 йилларигача турон йўлбарси бўлганлигини айтишади. Маҳаллий аҳоли орасидаги қарияларнинг таъкидлашича, йўлбарслар қабристонларга зиёрат қилиб турган (бунинг илмий сабаби номаълум). Олимларнинг аниқлашича, турон йўлбарсининг салмоғи 170-240 килограмм оралиғида, узунлиги эса 2,70-2,90 метр бўлган. Турон йўлбарси уссурий йўлбарсига нисбатан салмоқдор, гавдали ва кучлироқ бўлган. Айрим манбаларда карвонга тўсатдан карвонга ҳужум қилган турон йўлбарси туяни уриб йиқитиб, қамиш ораси билан 100 метргача судраб борганлиги тўғрисидаги воқеа қайд қилинади.

Турон йўлбарсининг қирилиб кетишига ХIХ асрда одамларнинг Марказий Осиёга оммавий миграцияси сабабчи бўлган. Кўпчилик ҳолларда йиртқич ҳайвонларни ҳарбийлар отиб ташлашган. Чунки йиртқичлардан азият чеккан маҳаллий аҳоли ҳарбийлардан уларни отиб ташлашни сўраган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун ўрмонзорларнинг кўп миқдорда қирқиб ташланиши уларнинг яшаш жойларидан маҳрум қилинишига ва озуқасидан айрилишига олиб келган.

Қорақалпоқларда йўлбарс мардликнинг, адолатнинг рамзи сифатида баҳоланган. Фольклорда ҳам, ёзма адабиётда ҳам у ижобий образ сифатида тасвирланади. Йўлбарс қанча кучли ҳайвон бўлгани билан у янги туғилган қизил чақаболасини чумолилар талаётганда, оёғига тикан кирганда, инини сув олганда ва бошқа ҳолларда инсон ёрдамига муҳтож. Демак, табият ва жамият аъзолари бир-бири билан келишиб яшаши мумкин экан. Афсуски, табият билан жамият ўртасидаги тенгликни кўпинча одамлар бузади.

7 614
Е.Қаноатов, ЎзА