ЎзА Ўзбек

29.08.2018 18:41 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонда яна бир музей иш бошлади

Қорақалпоғистонда яна бир музей иш бошлади Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳузурида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ташкил этилди.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан мустақиллик йилларигача бўлган даврга оид экспонатлар жамланган музей Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

16 (1).jpg

– Музей фондини бойитиш мақсадида университетимиз профессор-ўқитувчилари, докторант ва талабаларидан иборат гуруҳлар ҳудудларга экспедицияга юборилди, – дейди музей директори Алишер Қудияров. – Музейда 1873 йил – Қорақалпоғистон ҳудудининг босиб олиниши давридан бошлаб, халқимиз мустақиллик йилларида эришган ютуқ ва марраларни акс эттирувчи экспонатлар жой олган. Бу ерда бўлган ёшлар нафақат ўтмишнинг қалбларни ўртовчи қора кунлари ҳақида маълумотга эга бўлади, балки уларда мустақилликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш туйғусини юксалтиради.

Музейнинг охирги бўлимида мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар намойиш этилади.

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат) ЎзА
2 827