Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.07.2018 09:35 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонда тест синовлари 11 август куни якунланади

Қорақалпоғистонда тест синовлари 11 август куни якунланади

Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Музаффар Абдуллаевнинг маълум қилишича, Қорақалпоғистондаги 6та олий ўқув юртига 39 минг нафардан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган.

photo5404810055745907093.jpg

Тест синовлари жорий йил 1 – 11 август кунлари оралиғида ўтказилади. Абитуриентлар Нукус шаҳридаги икки жойда – Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Нукус олимпия захиралари коллежида тест топширади.

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактабида 4 та бинодаги 28та гуруҳда 840 ўрин мавжуд бўлса, Нукус олимпия захиралари коллежидаги иккита бинодаги 28та гуруҳда ҳам 840 ўрин мавжуд. Демак, бир кунда икки сменада 3 минг 360 нафар абитуриент тест имтиҳонини топшира олади.

Тест жараёнини 1-2 август кунлари Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали бошлаб беради. Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалига ҳужжат топширган абитуриентлар 2 август куни тест топширади.

Энг кўп ҳужжат қабул қилган Қорақалпоқ давлат университетига талабгорлар 2-8 август оралиғида билимларини синайди ва 9-11 август кунлари Нукус давлат педагогика институти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалига ҳужжат топширган абитуриентлар синовдан ўтади.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ходимлари томонидан тест синовлари ўтказиладиган биноларнинг талаб даражасидаги тайёргарлиги ҳамда ўтказиш вақтида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилган.

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби ҳудудида шартли равишда 408 квадрат метр майдонда ёнғин ҳосил қилиниб, ёнғинни бартараф қилиш бўйича кўргазмали амалий тактик машқ ўтказилди.

Ҳозирда мазкур бинолар тест ўтказиш учун тўлиқ тайёр ҳолга келтирилган.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
4 634