ЎзА Ўзбек

15.03.2019 16:21 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонда сайловга қандай тайёргарлик кўриляпти?

Қорақалпоғистонда сайловга қандай тайёргарлик кўриляпти?

Нукусда “Фуқаролар йиғини раиси сайловининг ҳуқуқий асослари» мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси С.Турманов, Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси аъзоси А.Бобоев, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Т.Романов ва бошқалар иштирок этди.

Янги таҳрирдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилгача узайтирилмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида, шунингдек, шаҳар ва туман Кенгашларида фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Адлия вазирлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда семинарлар ташкил этилди. Сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида штабнинг фаолияти йўлга қўйилиб, навбатчилик ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 256 маҳалла,142 овул, 13 шаҳарча, жами 411 та фуқаролар йиғинида сайловга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Уларда 1 миллион 866 минг 882 нафар аҳоли бўлиб, сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга фуқаро 1 миллион 307 минг 158 нафарни ташкил этади. Сайловни 323 та умумтаълим мактаби, 55 та академик лицей ва касб ҳунар коллежи, 3 та олий ўқув юрти, 7 маданият уйи, 12 та фуқаролар йиғини, 1 та даволаш муассасаси иморатларида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Амалий семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

ЎзА
1 248