ЎзА Ўзбек

31.08.2016 16:19 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонда бир гуруҳ ходимларга эсдалик нишонлари топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ходимларга “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонларини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиздаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларда ташаббускор, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, маданият ҳамда санъатимизни ривожлантиришдек эзгу ишлар бардавомлигини таъминлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган юртдошларимизни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда мустақиллик йилларида эришилаётган улкан ютуқ ва марралар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг самаралари хусусида сўз юритилмоқда.

Жорий йилда мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналаридан бири Устюрт газ-кимё мажмуаси фойдаланишга топширилди. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ташқи бозорда ўз харидорини топмоқда.

– Мустақиллик туфайли Устюрт даштида замонавий саноат иншооти – газ-кимё мажмуаси қад ростлади, – дейди Устюрт газ-кимё мажмуаси цех бошлиғи Қ.Қайпназаров. – Бундай улкан бунёдкорлик ишларида фидокорона меҳнати билан фаол қатнашган бир гуруҳ ҳамкасбларимиз “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди. Бу эътироф бизни янада фаол бўлиш ва Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев сўзга чиқди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
8 827