ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади

Опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади

Қорақалпоғистон Республикасида 100 ўринли Опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернати қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этиш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида келтириб ўтилган.

Ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг:

• Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этиш;

• мактаб-интернат учун бино ва иншоотларни, шу жумладан, 100 ўринли 2 та ўқув биноси, 50 ўринли ётоқхона ва ошхона биносини қуриш бўйича таклифи маъқулланади. 

Қуйидагилар мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

• ўқувчиларни опера ижрочилиги йўналишида ўқитишнинг замонавий илғор педагогик усулларидан кенг фойдаланиш, ўқув жараёнига янги ахборот-педагогик технологияларни татбиқ этиш;

• ўқувчиларнинг юқори даражада сифатли билимлар олишини таъминлайдиган давлат талаблари доирасида ихтисослаштирилган ўқув дастурларини амалга ошириш;

• опера санъати бўйича билим ва тушунчалар, тарихий ва миллий анъаналарни пухта эгаллаган ёш кадрларни тайёрлаш;

• таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш.

Белгиланишича, мактаб-интернат Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;

• 2021/2022 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 8 ва 9-синфларига, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб эса — 8-синфига 25 нафардан ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади.

• Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

1 404
ЎзА