ЎзА Ўзбек

04.10.2019 Чоп этиш версияси

Қонунларни ҳурмат қилган халқ қонунийликка эришади

Қонунларни ҳурмат қилган халқ қонунийликка эришади

Қарор ва ижро 

Ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва мустаҳкамлаб бориш шу давлат фуқароларининг ҳуқуқий онги, тафаккури билан чамбарчас боғлиқ.

Мамлакатда қабул қилинган, амалда бўлган қонун ҳужжатларини аҳоли нафақат билиши, балки уларга риоя этишида кўринади ҳуқуқий давлатнинг қиёфаси. Қонунларни ҳурмат қилган халқ қонунийликка албатта эришади

Ўзбекистон – ана шундай мақсадни олдига қўйиш баробарида, уни амалда таъминлашга интилаётган давлат.

Миллий давлатчилик ва ҳуқуқий тизимни мустаҳкамлаш эса, аввало, билимли, замонавий фикрлайдиган ва мустақил равишда қарорлар қабул қиладиган юридик кадрларга бевосита боғлиқ.

Шунинг учун ҳам юридик кадрларни тайёрлаш тизимини, юридик хизматлар кўрсатиш сифатини, суд-ҳуқуқ соҳасида хизмат қилаётган ходимлар малакасини ошириш масалаларига эътибор кучайтирилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим қадам бўлди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш, юрист кадрларни қайта тайёрлаш жараёнида ўқитиш тизими сифатини ошириш бўйича янгича услублар жорий этилди. Бу соҳада Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июнда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Шу асосда марказга янги вазифалар юкланди. Адлия, юридик хизмат, адвокатура бўйича ҳуқуқшунос ва бошқа кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича шартнома асосида ўқишлар ташкил этиш белгилаб берилди.

Шу билан бирга, ҳуқуқшунослик соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш, ҳуқуқшунос кадрларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш вазифаси юкланди. Ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш белгиланди.

Марказ ана шундай талаблар асосида фаолият юритмоқда. Айтиш мумкинки, кейинги йилларда тизим фаолияти кескин кучайтирилди. Масалан, 2000-йилларда марказда ҳар бир ўқув йилида ўртача 600 нафардан 800 нафаргача тингловчи малака оширган бўлса, кейинги икки йилда бу кўрсаткич 3000 нафарга етказилди.

Муҳими, марказда ўқитиш сифати тубдан яхшиланди. Энг яхши профессионал кадрлар, етук олимларнинг сабоқ бериши йўлга қўйилди. Замонавий технологияларни ўқитиш тизимига жорий этиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Марказ тузилмаси ҳам янгиланди. Айни пайтда янги “Қонунчилик техникаси ва коррупцияга қарши экспертиза” ва “Ижтимоий фанлар ва психология, юридик этика” кафедралари, шунингдек, “Буюртмалар портфели ва маркетингни шакллантириш”, “Фан, инновация ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш” бўлимлари ташкил этилди. Марказнинг ички меъёрий ҳужжатлари такомиллаштирилди, ўқув дастурлари танқидий кўриб чиқилди, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар танлов асосида ишга қабул қилинди. Марказга ходимларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш йўлга қўйилди.

Марказ нафақат марказий ҳуқуқий идоралар, балки ҳудудларда фаолият олиб бораётган юридик кадрларни ўқитиб келмоқда. Ҳозирги кунда уларга қулайлик яратиш мақсадида қўшимча таълим шакли сифатида масофадан туриб ўқитиш тизимини йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз.

Шунингдек, марказда Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳуқуқий соҳани ёритувчи журналистлар малакасини ошириш ҳам йўлга қўйилди.

Ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилган. Халқаро ҳамкорлар кўмагида профессор-ўқитувчиларимиз учун семинарлар, қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда. Марказ АҚШ, Хитой, Германия, Франция, Венгрия, Словакия, Швеция, Польша, Испания, Португалия, Руминия ва бошқа давлатлардаги турдош ўқув муассасалари билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

Марказда медиаторларни қайта тайёрлаш тизими янги йўлга қўйилган бўлса, интеллектуал мулк соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш курсини ташкил этишга ҳам ҳаракат қиляпмиз.

Марказда ноширлик фаолияти яхши йўлга қўйилган. Кейинги уч йилнинг ўзида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан “Инсон ҳуқуқлари”, “Одам савдосига қарши кураш соҳасидаги миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари”, “Инсон ҳуқуқлари таълимига оид БМТ ҳужжатлари”, “Адвокатлик фаолиятининг халқаро стандартлари” каби ўнлаб китоблар чоп этилди.

Малака оширишнинг замонавий, тезкор ва таъсирчан шакли ҳисобланган қисқа муддатли ва мавзули ўқув-семинарларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Келгусида илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини назарда тутадиган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-методик мажмуалар, шу жумладан, электрон дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-методик мажмуаларни яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Қутбиддин БУРҲОНОВ,
Юристлар малакасини
ошириш маркази директори.

2 706
ЎзА