ЎзА Ўзбек

13.11.2019 Чоп этиш версияси

Қонунларимиз фирибгарларга ҳам хизмат қиладими ёхуд матбуот нашрларини тарқатишга бош суққан "учарлар"​ ҳақида

Қонунларимиз фирибгарларга ҳам хизмат қиладими ёхуд матбуот нашрларини тарқатишга бош суққан "учарлар"​ ҳақида

“Матбуот кунлари” доирасида вилоятларда муштарийлар билан учрашув ўтказяпмиз. Фикр, таклиф, танқид, тавсияларини эшитяпмиз.

Энг кўп эътироз нашрларнинг жойларга етказиб берилиши масаласи билан боғлиқ бўляпти. Ҳақиқатан, бу тизим деярли издан чиққанлиги, матбуот нашрларини етказиб бериш билан асосан олғир, фирибгарлар шуғулланаётганлиги, улар муштарийлар олдидаги масъулиятини ҳам, таҳририятлар олдидаги мажбуриятини ҳам унутиб қўйганлиги билиниб қолди, айниқса сўнгги бир йилда.

Хўш, бу аҳволга қандай тушиб қолишди улар? Нега таҳририятлардан қарзи бўлса-да, иш судгача бориб етса-да, пинагини бузмай юрибди бундай шоввозлар?

Саволнинг жавоби кўп. Гулистон шаҳар прокуратурасидан келган бир хат туфайли ушбу вазиятга олиб келган сабаблардан бирини тушуниб етдик.

“Сизнинг мажбурий ижро бюроси Гулистон шаҳар бўлими томонидан қарздордан ҳақдорлигингиз ундирилиши таъминланмаётганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаатингиз кўриб чиқилди.
Аниқланишича, Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 22.07.2019 йилдаги қарздор “Матбуотчи” МЧЖдан ундирувчи фойдасига 20,8 млн. сўм асосий қарз ва олдиндан тўланган 416 минг сўм давлат божи ҳамда 16 минг сўм почта харажати ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлимнинг иш юритувига 15.08.2019 йилда қабул қилинган.
Ижро ҳаракатлари давомида бўлим томонидан қарздорнинг ижро ҳужжатида қайд этилган юридик манзили кўздан кечирилганда, ушбу манзилда қарздор вақтинча ижарада турганлиги ва мол-мулклари мавжуд эмаслиги аниқланган ҳамда далолатнома расмийлаштирилган.
МИБ Гулистон шаҳар бўлимининг 14.10.2019 йилдаги маълумотномасига кўра, барча ижро ҳаракатлари натижасиз бўлганлиги сабабли, ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикаси “Суд қарорлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 40-моддаси 3-бандига асосан Сизга қайтарилган.
МИБ Гулистон шаҳар бўлими­нинг 14.10.2019 йилдаги “Ижро иши юритишни тамомлаш ва ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш тўғрисида”ги қарорига нисбатан протест келтириш учун асослар топилмади. 
Мазкур жавобдан норози бўлган тақдирда, юқори турувчи прокурорга мурожаат қилишингиз мумкинлиги тушунтирилади”.

Мурожаатимизга прокуратуранинг жавобини ўқигач, қарздорларнинг манфаатини “ҳимоя қиладиган” қонун моддаси билан қизиқдик.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунининг 40-моддаси – Ижро иши юритиш қўзғатилганидан кейин ижро ҳужжатларини қайтариш.
Ижро ҳужжатларида кўрсатилган ундирув амалга оширилмаган ёки қисман амалга оширилган бўлса, бундай ижро ҳужжатлари қуйидаги ҳолларда ундирувчига қайтарилади:

1) ундирувчининг аризасига кўра;

2) агар қарздорнинг манзилини ёки унинг мол-мулки турган жойни аниқлаш ёхуд банклар ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисоб варақлар ва омонатларда қарздорга қарашли пул маблағлари ҳамда бошқа қимматликлар турганлиги ёки сақланаётганлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш мумкин бўлмаса (ушбу Қонунга мувофиқ қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);

3) агар қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан давлат ижрочиси томонидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса;

4) агар ундирувчи ижро ҳужжати ижро этила­ётганда қарздорнинг сотилмаган мол-мулкини ўзига олишдан воз кечса ёхуд қарздорлик ҳисобидан ушбу мол-мулкни ўзига олиш тўғрисидаги давлат ижрочисининг таклифи бўйича ўз қарорини белгиланган муддатда тақдим этмаган бўлса;

5) агар ундирувчи ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан ижро ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилаётган бўлса, шу жумладан ижро ҳужжатида кўрсатилган, қарздордан олиб қўйилган муайян ашёларни олишдан воз кечса.

Ушбу модда биринчи қисми­нинг 3-, 4- ва 5-бандларида кўрсатилган асослар бўйича ундирувни амалга ошириш мумкин бўлмаган тақдирда, давлат ижрочиси бу ҳақда тегишли далолатнома тузади, далолатномани катта давлат ижрочиси тасдиқлайди.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2- ва 3-бандларида кўрсатилган асослар бўйича ундирувни амалга ошириш мумкин бўлмаган тақдирда, бюджетга ҳамда давлат мақсадли фондларига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқиманда қарздорликни ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжати давлат солиқ хизмати органига, давлат даромадига ўзга ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжати эса тегишинча ушбу ҳужжатни берган судга ёки бошқа органга қайтарилади.

Ижро ҳужжатининг ундирувчига қайтарилиши мазкур ҳужжатни ушбу Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган муддат доирасида янгидан ижрога топшириш учун тўсиқ бўлмайди.

Ижро ҳужжати ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган асос бўйича қайтарилганда, ундирувчига ушбу Қонуннинг 76-моддасида назарда тутилган бўнак бадали тўлиқ қайтарилади.

Ижро ҳужжати ушбу модда биринчи қисми­нинг 3-, 4- ва 5-бандларида кўрсатилган асослар бўйича қайтарилган ҳолларда бўнак бадалининг қайтарилаётган ижро ҳужжатини ижро этиш юзасидан давлат ижрочиси қилган харажатлардан ортиқча қисмигина қайтарилади.

Ундирувчига ижро ҳужжати ва бўнак бадалини қайтариш тўғрисида давлат ижрочиси томонидан катта давлат ижрочиси тасдиқлайдиган қарор чиқарилади.
(40-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 июлдаги ЎРҚ–551-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.07.2019-й., 03/19/551/3493-сон)”.

Демак, Гулистон шаҳридаги “Матбуотчи” МЧЖ ва шунга ўхшаш фаолият билан шуғулланадиган барча МЧЖлар таҳририятлар билан тузган “Обуна шартномаси”даги мажбуриятларини бемалол бажармасликлари мумкин. Қонуний жавобгарлик дейсизми? Бефойда! Чунки қонунда уларнинг жавобгарликдан қочиши учун “лазейка” яратилган ёки эътиборсизлик билан ўтказиб юборилган: “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунининг 40-моддаси 3-банди! Яъни “Агар қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан давлат ижрочиси томонидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса”, суд қарори ижро ҳужжатлари ундирувчига, яъни бизнинг вазиятда таҳририятга қайтарилади.

“Хоҳлаган жойингга бор, додингни кимга айтсанг, айт. Фойдаси йўқ”, дегани бу! Қонунда бундан кейинги инстанция назарда тутилмаган. 
Матбуот нашрларини тарқатиш ишига бош суққан учарлар аввал-бошдан қонуннинг шу моддасини яхши билган. Шунинг учун, гарчи имконияти бўлса-да, МЧЖ балансига бирор бино ёки жиҳозлар, мол-мулк расмийлаштирмаган, атайин ижарада турган, деб ўйлашга асос бўлмоқда бу ҳолат.

Бундай ташкилотлар муштарийлар, таҳририятлар маблағини ўзлаштиришда давом этади, агар чора кўрилмаса. Ҳар бир ташкилотга келиб тушган маблағ ва унинг сарфланишини текшириш имкони мавжуд. Пуллар қаёққа кетган, сарфланган, ким еб кетган, буни ҳам билиб олиши мумкин аслида прокуратура.

Бундай олғирлар жазосиз қоладими? Уларга қарши қандай ҳуқуқий тадбирлар қўллаш мумкин? Бировнинг ишончига кириб, алдов йўли билан мол-мулкини талон-торож қилган ҳолда корхонани атайлаб банкрот ҳолга олиб келган раҳбар ва муассисларга жиноят иши қўзғатилмайдими?

Наҳотки, қонунларимиз фирибгарларга ҳам хизмат қилади? Жаноб партиялар етакчилари! Сайловлар арафасидамиз. Янгидан сайланган парламентда қонунларни мукаммал тайёрлайдиган, коррупционер, монополист, фирибгарларга “лазейка” қолдирмайдиган қонунлар ишлаб чиқадиган депутатлар фаолият кўрсатишига кафолат бера оласизми?

Ҳусан Карвонли,

журналист


5 373
ЎзА