Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 15:17 Чоп этиш версияси

Қонунийликни таъминлашнинг муҳим шарти

Жамиятда қонун устуворлиги таъминланишининг муҳим шартларидан бири аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдир. Бу, ўз навбатида, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини аҳолига ўз вақтида етказишни тақозо этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 февралдаги «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шу мақсадга қаратилган. Қарор асосида ишлаб чиқилган ва яқинда кучга кирган «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун аҳолининг ҳуқуқий ахборотлардан ўз вақтида хабардор бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур қонун моҳияти ва унинг ижроси билан боғлиқ масалалар хусусида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида семинар ташкил этилди. Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда мутахассислар, олимлар ва давлат органлари ходимлари иштирок этди.

Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг биринчи ўринбосари Худоёр Маматов ва бошқалар қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тушунтириш ушбу ҳужжатларнинг сўзсиз бажарилишида муҳим омил бўлишини таъкидлади. Демакки, бу жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

– «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун ҳуқуқий ахборот тарқатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи йигирмадан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни ўзида мужассам этиб, бу соҳадаги ҳуқуқий бошқарувнинг тизимли бўлишига ҳуқуқий асос яратди, – дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Фурқат Тожиев. – Қонунда замонавий халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, асосий ҳуқуқий тушунчалар мустаҳкамланган. Унда давлат органлари, яъни вазирлик ва идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган. Бунда ҳуқуқий ахборотни тарқатишни ташкил этиш, бу борадаги барча ишларни мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ваколатли орган деб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгиланган.

Қонун билан ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг аниқ тартиби ва усуллари белгилаб берилган. Хусусан, қабул қилинган қонун ҳужжатларини расмий ва норасмий тарқатма тарзида тарқатиш, уларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ва давлат органларининг веб-сайтларида жойлаштириш тартиби ўрнатилди.

Ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш давлат томонидан кафолатланади. Фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи кафолатлари қонун билан ҳимоя қилинади. Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда таъминлаши шарт.

Анжуманда ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш борасида «E-xat» тизимидан унумли фойдаланилаётгани айтиб ўтилди. Бу тизимга айни пайтда 600 га яқин давлат органи уланган. Тизим орқали давлат органларига 1,5 мингга яқин электрон ҳужжат юборилган. Улар, ўз навбатида, бу ҳужжатларни қуйи тизимларга юборишлари зарур. Аммо ўрганишлар бу борада муаммолар борлиги, айрим давлат органлари ўз вазифасига совуққонлик билан қараётганини кўрсатди.

Тадбирда қонун ижросини самарали таъминлаш, учраётган камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди. Иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
1 628






Все о погоде - Pogoda.uz