Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 19:17 Чоп этиш версияси

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 14-15 август кунлари бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари олдиндан сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, қўмиталар ва улар ҳузурида фаолият кўрсатувчи эксперт гуруҳларининг мажлисида муҳокама қилинди.

Мажлис давомида депутатлар бугунги кунда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ошаётганлигини, бу уларнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига қизиқиши ортиб бораётганида намоён бўлаётганлигини алоҳида таъкидладилар. Қонун ҳужжатларига мувофиқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий принципларидан бири жамоатчилик фикрини ҳисобга олишдан иборатдир, бунга эса сайловчилар, умуман, аҳоли билан доимий ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва сақлаб туриш йўли билан эришилади.

Бу борада янги, янада самаралироқ механизмлар жорий этилмоқда. Чунончи, илгариги мажлис якунларига кўра энг долзарб қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш учун парламент қуйи палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Натижада қатор таклифлар ва тавсиялар келиб тушди, улар парламент қуйи палатасининг муҳокамасида бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олинди.

Депутатлар ўз ишларини «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилишдан бошладилар. Иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида мазкур қонуннинг жамоатчилик муҳокамаси жараёнида тадбиркорлар, экспертлар ва мутахассислардан, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ва оддий кишилардан умуман 1385 та фикр, таклиф ва тавсиялар келиб тушди. Барча таклифлар Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳузурида фаолият кўрсатувчи эксперт комиссиясида, шунингдек, Қонунчилик палатасининг бўлиб ўтган мажлисида батафсил муҳокама этилди. Таъкидлаб ўтилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини кучайтиришдан, улар фаолиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг асоссиз аралашувининг олдини олишдан, бизнес-омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий механизмларини белгилашдан иборатдир.

Шундан сўнг депутатлар «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам моддама-модда муҳокама қилдилар. Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг аъзоси Р.Кушербаев қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида депутатлар келиб тушган кўплаб амалий хусусиятга эга бўлган таклифларни таҳлил қилганликларини таъкидлади. Чунончи, фуқаро Г.Бобоқулова томонидан билдирилган болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизимига соғлиқни сақлаш муассасаларини ҳам киритишга тааллуқли таклиф инобатга олинди. Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасини ҳамда ақлий заифлиги ёки қарамлик ҳолатида бўлганлиги муносабати билан алоҳида парваришга муҳтож болаларнинг ахлоқи ва фаровонлигини ҳимоя қилиш, ўсиб келаётган авлодни зарарли ахборотдан ҳимоялаш соҳасидаги халқаро шартномаларни (ҳуқуқларни) инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилгандир. Европа Иттифоқи мамлакатлари, чунончи, Германия, Италия, Франция, Буюк Британия, Литванинг, шунингдек, АҚШ, Япония ва бошқа давлатларнинг шу соҳадаги тажрибаси ҳам эътиборга олинди.

«Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан ҳам амалий таклифлар ва тавсиялар тушди. Шуни таъкидлаш керакки, барча таклифлар мажлисга тайёргарлик чоғида депутатлар томонидан синчиклаб ўрганилди.

Шундан сўнг депутатлар ўз ишларини «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилиш билан давом эттирдилар. Таъкидландики, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлатимиз раҳбари бошчилигида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар шу соҳадаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга ва келгуси йилларда мурожаатлар билан иш олиб бориш сифатли ташкил этилишини таъминлашга қаратилгандир.

Шунингдек, депутатлар «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Депутатларнинг таъкидлашича мазкур қонун лойиҳаси жорий йил декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлажак сайловнинг қонунчилик асосларини яратиш мақсадида ишлаб чиқилгандир. Ўз навбатида, илгари тугатилган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларининг қайта тикланиши пойтахтдаги ҳар бир туманнинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олган ҳолда бюджет сиёсатини янада оқилона ва манзилли олиб боришга хизмат қилади.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати

3 015






Все о погоде - Pogoda.uz