Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.06.2018 17:45 Чоп этиш версияси

Қонунбузарликнинг катта-кичиги бўлмайди

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ноқонуний, яъни яширин равишда ишлаб чиқариш ёки савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланиш ҳолатларига чек қўйиш ва олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда амалдаги қонун ҳамда тартиб-қоидаларга зид иш кўраётган фуқаролар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилаётир.

Шундан тадбирлардан бирида Наманган шаҳрида туғилган А. У. Оромгоҳ маҳалласидаги хонадонлардан бири ертўласида яширин цех ташкил қилиб, эркаклар уй кийими тикиш билан шуғулланаётганлиги маълум бўлди. “Тадбиркор”нинг икки турдаги, қиймати 3 миллион 500 минг сўмлик тикув машинаси ҳамда ярим тайёр маҳсулотлари вақтинчалик сақлаш учун далилий ашё сифатида олиниб, “Намангансавдо” улгуржи базасига қарашли махсус дўконга топширилди.

Шунингдек, Наманган туманида ўтказилган назорат тадбирида Уйчи туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган Н. С. қўлбола ускунада музқаймоқ нони ишлаб чиқарётганлиги аниқланди. Пировардида, ҳуқуқбузардан бир турдаги иккита қўлбола ясалган музқаймоқ нони тайёрлайдиган ускуна вақтинча сақловга олинди.

Чортоқ туманида Ф. С. эса шлокаблок ғишт маҳсулоти ишлаб чиқараётгани қонунга зид эканлигини яхши билар эди. Бироқ у солиқ назоратчилари томонидан ноқонуний фаолиятига чек қўйилмагунча ўз билганидан қолмади. Кўза кунида синади деганларидек, назорат тадбирида фош бўлиб юзи ерга қараб қолди. Қоидабузардан 50 дона қиймати 100 минг сўмлик маҳсулотлар далилий ашё сифатида олинди.

Учқўрғон туманида яшовчи З. Н. пахта титиш, Тўрақўрғон туманилик И. Б. пахта ёғини қадоқлаш, Уйчи туманидан Н. М. дарвоза тайёрлашга ихтисослашган яширин ишлаб чиқариш цехларини ташкил этган. Айни пайтда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
7 435