ЎзА Ўзбек

30.08.2018 12:30 Чоп этиш версияси

Қонун ҳужжатлари соддалаштирилади, қонунчилик базаси эса қулайлаштирилади

Қонун ҳужжатлари соддалаштирилади, қонунчилик базаси эса қулайлаштирилади

Қонунлар мукаммал ва халқчил бўлса, аҳолининг уни қабул қилиши осонлашади ва ўз-ўзидан уларнинг ижроси самарадорлиги ортади. Аксинча бўлса, ортиқча сансоларлик юзага келиши турган гап.

Президентимизнинг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Таҳлиллар қонун ижодкорлигига замонавий тамойиллар жорий этилмагани самарасиз қонунлар яратилишига, идоравий-меъёрий ҳужжатлар кўпайиб кетишига сабаб бўлганини кўрсатмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz)да жами 46 минг 805 норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд.

Ўзбек тилида 14 минг 825 норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, улардан 716 таси қонундир. Қолганлари идоравий-меъёрий ҳужжат ва Олий Мажлис қарорлари, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларидир.

Кўриниб турибдики, ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишда кўпинча қонунга нисбатан қонуности ҳужжатларига таянилган. Норматив ҳужжатларда эса турли ҳуқуқий коллизиялар, ҳаволаки нормалар, баъзан эса бўшлиқлар ҳам бўлгани сир эмас.

Фармон билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида бу муаммоларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Эндиликда қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифати оширилади. Шунингдек, уларнинг мониторингини такомиллаштириш чоралари кўрилади.

Қонунлар, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини қўллаш, улар кучга кирган пайтдан эътиборан ижросини ташкил этиш юзасидан қўшимча идоравий ҳужжатлар қабул қилишга доир мажбурият юклатилмаган ҳолда амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартиради.

Айни пайтда расмий манба мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – Lex.uz тизимини модернизация қилишга киришилди.

Айтиб ўтиш жоиз, сайтдан фойдаланувчилар сони бир кунда ўртача 20 мингдан кўпроқни ташкил этмоқда. Бу йил фойдаланувчилар умумий сони ўтган йилга нисбатан 17,22 фоиз ортгани кузатилди.

Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида миллий қонунчиликнинг мавзули маълумотномаси такомиллаштирилади. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор қонунлар, чет эл инвесторлари учун муҳим аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг хорижий тилларга расмий таржимаси йўлга қўйилади.

Чунки сайтдан Ер шарининг деярли барча нуқталаридан, хусусан, Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Германия, Жанубий Корея каби давлатлардан ўн минглаб кишилар фойдаланмоқда. Бироқ ҳозирги кунда ҳужжатлар фақат ўзбек ва рус тилида. Шунинг учун қонун ҳужжатларининг хорижий тилларга, хусусан, инглиз тилига таржима қилинишини таъминлаш бўйича тегишли ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Маълумки, давлат органлари ва ташкилотларининг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари тўплами” ва “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами”га обуна бўлиши 2019 йил 1 январдан тўхтатилади.

Ушбу тўпламлар Lex.uz базасига ўтказилган ҳолда, яъни электрон кўринишда тақдим этилади. Бундай ёндашув, табиийки, сарф-харажатларни қисқартиради. Фойдаланувчиларга қулайлик яратади. Таъкидлаш лозим, юқорида қайд этилган тўпламлар архивлар, ахборот-ресурс марказларида сақлаш учун, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар талабларига кўра босма шаклда чоп этилиши мумкин.

Ҳозирда Қонун ҳужжатлари миллий базасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилмоқда. Дастурчилар базадаги кодекслар, қонунларни лотин графикасига ўтказиш юзасидан ҳам иш олиб боряпти.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу фармонда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши самарали қонунчилик базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Равшан Шаропов,
“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази
директори ўринбосари

ЎзА
2 903