ЎзА Ўзбек

25.01.2020 Чоп этиш версияси

Қонун устуворлиги ва адолат бош мезонимизга айланиши керак

Қонун устуворлиги ва адолат бош мезонимизга айланиши керак

Мурожаатнома Парламент олдида ўтган йилни сарҳисоб қилиб, босиб ўтилган йўлга сиёсий баҳо бериб, келаётган йилда давлатнинг олий ҳокимият органлари – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этиш мақсадида устувор йўналишларни белгилайди ҳамда ислоҳотларга туртки бериш мақсадида ўзининг назарий, сиёсий ва ҳуқуқий қарашларини баён этади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилдаги Мурожаатномасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бошқа омиллар билан бир қаторда қонун устуворлигини таъминлашга ҳам бевосита боғлиқ эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Ҳақиқатан ҳам, қонун устуворлигини таъминлаш давлатчилик асосларини ривожлантириш ва ҳуқуқий тизимни мустаҳкамлашнинг энг асосий принципларидан ҳам ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йилда ушбу соҳада қандай муҳим вазифалар олдимизда турганини давлат раҳбари бирма-бир кўрсатиб ўтди. Хусусан, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш.

Маълумки, суднинг мустақиллиги бевосита қатъий, шижоатли, мустақил қарорлар қабул қила оладиган, қонунларни бир хилда қўллайдиган, инсонпарвар судьяларга боғлиқ. Ана шу мақсадда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг янги тизими яратилгани катта воқеа бўлди. Президентимизнинг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4096-сон қарорининг қабул қилиниши муҳим роль ўйнади. Бундай ҳаракатлар суд мустақиллигини таъминлаш учун қўйилган дастлабки қадамлардан биридир.

Суд ўз моҳиятига кўра суриштирув ва дастлабки терговда йўл қўйилган ёки процессуал ҳужжатларда қонунсиз мустаҳкамлаб қўйилган ҳар қандай ҳаракатга ҳуқуқий баҳо беради. Президентимиз шунинг учун ҳам “дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкин”лигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Суднинг қонунда ва амалда мустақиллигининг таъминланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳар қандай бузилишининг олдини олиши, тергов ҳаракатлари устидан суд назоратини ўрнатиш, тергов ҳаракатларининг ҳар қандай босқичида ҳам инсоннинг шахсий ҳуқуқларига риоя этиш, унга нисбатан ҳар қандай тазйиқларнинг олдини олиш, судда қонун билан белгилаб қўйилган ҳимоя воситаларидан эркин фойдаланиш имконини беради. Ана шундай саъйи-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда судлар томонидан фуқароларга нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилаётгани,ўзгартирилаётгани, ҳатто кўплаб оқлов ҳукмининг қўлланаётгани ислоҳотларимизнинг тўғри танланганидан далолат беради.

Хусусан, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган ва ўзгартирилган. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бундай ижобий ишларни дунё ҳамжамияти, халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда. Давлат раҳбарининг бундай натижаларга эришаётганимиз бевосита судьяларга ҳам боғлиқ бўйлаётгани, шунинг учун ҳам судьяларнинг жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам доим қўллаб-қувватлашини очиқ баён этди.

Мурожаатномада Президент инсонларнинг бузилган ҳуқуқлари суд орқали тикланиши амалиётини ривожлантириш билан бирга, дастлабки терговда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши сабаблари ва оқибатларига жавоб бериш механизмларини ҳам жорий этиш вазифасини қўйди.

Яна бир муҳим масалага давлат раҳбари алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, шўро замонидан қолган, суд алоҳида, мустақил ҳокимият бўлсада, лекин унинг қабул қилган қарори прокуратура органи томонидан чақириб олиниб, унга протест шаклида эътироз билдириш амалиётига чек қўйишнинг вақти келганини айтиб ўтди. Айни вақтда ривожланган давлатларда бундай, яъни мустақил суд ҳокимияти ишига ташқаридан бошқа органларнинг аралашуви амалиёти мавжуд эмас.

Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим, деб таъкидлади давлат раҳбари ўз чиқишида. Шунга кўра, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Адлия вазирлигига юқорида билдирилган таклифларни амалиётга жорий этишни назарда тутадиган, қонун лойиҳасини киритиш вазифаси ҳам юклатилди.

Яна бир муҳим устувор вазифа – бу амалдаги процессуал қонунчиликни янгилашдан иборат. Бунда тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини алоҳида таъкидлади, давлатимиз раҳбари.

Юқоридагиларга кўра, судлар мустақиллигини ҳар томонлама таъминлаш бундан кейин ҳам шахсан Президентнинг назоратида бўлиши очиқ баён қилинди. Президентимиз таъкидлаганидек, “суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”. Зеро, қонун устувор бўлган ва адолат қарор топган давлатда барқарорлик ва тараққиёт бўлади.

Бобоқул ТОШЕВ,
Юристлар малакасини ошириш
маркази кафедра мудири,
юридик фанлар доктори

2 559
ЎзА