Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 17:02 Чоп этиш версияси

Қонун устуворлиги таъминланади

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ички ишлар органларини халқ ва жамият, давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Соҳада олиб борилган изчил чора-тадбирлар самарасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган брифингда шулар ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари А.Бобохонов ва бошқалар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш эканини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур ҳужжат тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш ва соҳа ходимлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган. Унда ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун даражасида белгилаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга доир муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Бугунги кунда халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида маънавиятимизга ёт ғоялар тарқалиши каби таҳдидлар ички ишлар органлари зиммасига ғоят масъулиятли янги вазифаларни қўймоқда.

Брифингда фармонда қайд этилган асосий вазифаларни бажариш бўйича зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни амалга ошириш мақсадида ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланганлиги ҳақида маълумот берилди.

Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
501