ЎзА Ўзбек

24.08.2018 18:57 Чоп этиш версияси

Қонун устувор жойда эркинлик бўлади

Қонун устувор жойда эркинлик бўлади Соҳибқирон Амир Темур таъкидлаганидек, қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади.

Асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмаган бу пурмаъно ҳикматда барча фуқароларнинг тинч ва хотиржам ҳаёт кечириши, орзу-умидларига эришиши, эртанги кунга ишонч билан яшаши таъминланган жамият назарда тутилган. Жамиятда айнан шу омиллар таъминланиши учун, аввало, унинг ўзи ҳеч кимга қарам бўлмаган, яъни мустақил ва эркин бўлмоғи жоиз.

Фақат мустақиллик аталган бебаҳо неъмат туфайли халқимиз ана шундай рўшноликка эришди. Бугун Ўзбекистон дунёда нафақат тинч ва осойишта, балки иқтисоди энг тез ривожланаётган мамлакат сифатида танилди.

Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш кун тартибидаги доимий масалалардан ҳисобланади.

Хусусан, суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, кўрилаётган ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Бу жараёнда, энг аввало, халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов. – Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо берилмоқда.

Судьялар томонидан аҳоли билан жойларда очиқ мулоқотлар ташкил этилаётгани, барча тоифадаги суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилгани аҳоли билан очиқ мулоқот, муҳими, суд ҳокимиятининг очиқлиги таъминланишига замин яратди.

Шу ўринда рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярмида фуқаролик судларида 120 мингга яқин иш кўриб чиқилган бўлса, 43 мингга яқини сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. Жиноят судларида 9 мингдан зиёд жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 45 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Маъмурий судлар томонидан 100 мингдан ортиқ иш кўрилиб, шунинг 55 фоиздан ортиғи, иқтисодий судлар томонидан 262 мингдан зиёд иш кўрилиб, шунинг 69 фоизи бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Сайёр суд мажлислари фуқароларнинг нафақат ҳуқуқий онгини ошириш, балки уларнинг судга яқинлашувини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Президентнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида суд органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган амалий ишлар бошланди.

Жорий йилнинг олти ойи мобайнида бу борада судлар томонидан аҳоли билан 13 мингга яқин мулоқот ўтказилган бўлса, бундан кейин бу жабҳа янада фаоллашади.

Олий суд веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Суд қарорларидан кенг жамоатчиликнинг бохабар бўлиши, шубҳасиз, уларнинг қонунга мувофиқ, адолатли қарорлар чиқарилишида муҳим роль ўйнайди.

Қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилиши суд амалиётига кенг жорий этилади. Буни аввал фақат тажрибали, ўзига ишонган судьялар ўз фаолиятида қўллаб келган бўлса, бундан кейин барча судья бунга амал қилади. Бу эса суддан кейин пайдо бўладиган турли тушунмовчиликларга чек қўяди.

Судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу ҳам суд фаолиятида очиқлик таъминланиши кенгайиши, пировардида фуқароларнинг судьялар билан бевосита мулоқоти кўпайиши эвазига уларнинг муаммолари ҳал этилиши имконини янада оширади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кучайтирилиши суд амалиётида оқлов ҳукмлари чиқариш кўпаяётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. 2018 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 26 минг 442 шахсга нисбатан 20 минг 283 иш кўриб чиқилган бўлса, 375 шахс оқланди ва реабилитация қилинди. Судланган шахслар сони 19 минг 683 нафарни ташкил этган бўлса, шундан фақат 4 минг 828 шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 13 минг 657 нафар шахсга бошқа турдаги жазолар тайинланди. 1 минг 198 шахс шартли ҳукм қилинди.

Шунингдек, 1 минг 770 шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди. 15 минг 504 нафари жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинди. 4 минг 791 нафарига тайинланган жазо енгили билан алмаштирилди. 4 минг 101 шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 4 минг 634 шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. Етказилган 196,1 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 минг 226 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Бу рақамлар замирида, албатта, фуқароларнинг ҳуқуқига, эркинлигига ён босиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш яққол намоён.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 981