ЎзА Ўзбек

24.07.2018 18:12 Чоп этиш версияси

Қонун мавжуд муаммоларни бартараф этади

Мамлакатимизда 32,4 минг кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи 4 мингдан ортиқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати мавжуд. Бугунги кунда аҳолини уй-жой билан таъминлаш даражаси жон бошига 15,2 квадрат метрни ташкил қилмоқда. 1991 йилда бу кўрсаткич 12,4 квадрат метр эди.

Бугунги кунда уй-жой қурилиши соҳаси фаол ривожланиши баробарида, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада қонунчиликни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қуватлаш йили” Давлат дастурида уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва тартибга солиш мақсадида "Уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари кўмитаси ЎзЛиДеП фракцияси билан биргалиқда ташкил этган муҳокамада кўп квартирали уйларнинг умумий мулки ҳамда турар ва нотурар жойлардан фойдаланиш, уларни сақлаш бўйича мавжуд муаммолар эътибор марказида бўлди.

Депутатларнинг фикрича, жойлардаги аҳвол ўрганилганда уй-жой ва коммунал соҳада фойдаланилмаган имкониятлар ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган. Хусусан, умумий мулкдан фойдаланиш, уни сақлаб туриш, уйлар фасадининг бузилиши, тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги техникаси ўтишига халақит қилувчи ноқонуний қурилишлар, рухсат этилмаган жойларни ўраб олиш каби масалалар бугун жуда долзарб.

Жойлардаги мулоқотлар натижаси ўлароқ, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва унинг нормалари қўмита аъзолари, ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари, соҳа мутахассислари, экспертлар иштирокида муҳокама этилди.

Қонун лойиҳасида уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Шунингдек, кўп квартирали уйларда умумий мулкни техник ва санитар сақлаш, жорий ва мукаммал таъмирлаш, инженер-муҳандислик тизимлари сақланувчанлигини таъминлаш, санитар-эпидемиологик ва техник талабларга риоя этилиши, уй-жойга тегишли ҳовли атрофини ободонлаштириш каби масалалар акс эттирилмоқда.

Шу билан бирга, қўп квартирали уйда таъмирлаш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлаш ишларини ўтказишда белгиланган талабларга, қурилиш ишларини ўтказишда шовқин даражаси кўрсаткичларига риоя этилиши каби нормалар мавжуд. 

Қонун лойиҳасида кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини бошқаришда фуқаролар, мулкдорларга тегишли ва умумий мулкни эксплуатация қилувчи ва бошқарувчи ташкилотлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ҳам талаблар қўйилмоқда.

Муҳокамада депутатлар қонун лойиҳасида ўз аксини топаётган нормаларни такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 668