Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 16:31 Чоп этиш версияси

Қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида Ўзбекистон Республикасининг “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тиббиёт соҳасидаги мутасадди вазирлик ва идоралар ходимлари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, экспертлар ва партия фаоллари иштирок этди.

Мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини юксалтириш, уларнинг турини янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида халқимиз саломатлиги мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Соҳани янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ўн минглаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож. Бундай беморларга буйрак, жигар, юрак, ўпка сингари тўқима ва органларни трансплантация қилиш орқали уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Мамлакатимизда мавжуд баъзи чекловлар туфайли айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмоқда. Хорижда даволаниш учун фуқароларимиз ҳам маблағ, ҳам вақт жиҳатдан қийинчиликларга учрамоқда.

Шундан келиб чиқиб, партия томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, вазирлик билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилди. Қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатда белгиланган тадбирлар қаторида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш белгиланган.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди. Шунингдек, ушбу ҳужжат ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари инобатга олинган.

Давра суҳбатида қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар муҳокама этилиб, иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 957






Все о погоде - Pogoda.uz