Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2017 19:16 Чоп этиш версияси

Қонун лойиҳаларига оид тушунтириш ишлари маҳаллаларда ҳам бошланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамкорлигида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Увайсий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида «Мустақиллик ва Ўзбекистонда маҳалла институтининг ривожланиши» мавзуида конференция ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимизда маҳаллалар фаолиятига бевосита дахлдор бўлган ва такомиллашишни тақозо этаётган амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ҳақида гап борди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин муносабатларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур фармон билан тасдиқланган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар Дастури»га асосан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

– Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати бир нечта сабабларга асосланади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Т.Норбоев. – Биринчидан, ҳозирги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий кенгашлари томонидан судларга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятларни давлат божи тўламасдан тақдим этиш белгиланмаган. Иккинчидан, фуқаролар йиғини кенгаши таркибига фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари, ҳудуд профилактика инспекторлари, таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар раҳбарларини киритиш, шунингдек, ҳар чоракда камида бир марта фуқаролар йиғини кенгашида уларнинг ҳисоботини ўрганиб бориш зарурати ҳам юзага келмоқда.

Бугунги кунда аҳоли шу каби қонун лойиҳаларидан нечоғлик хабардор? Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга муносабати қанақа? Бу борада қандай талаб ва таклифлари бор?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, депутатлар Т.Норбоев, Ш.Вафоев, И.Хожиев ва «Маҳалла зиёси» республика ўқув услубий маркази бош мутахассиси У.Саидов бу масалалар юзасидан тумандаги маҳалла оқсоқоллари, фаоллар, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида»ги фармонига асосан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси юзасидан ҳам кенг тушунтиришлар берилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 051






Все о погоде - Pogoda.uz