ЎзА Ўзбек

04.04.2018 15:20 Чоп этиш версияси

Қонун лойиҳалари муҳокамаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари Президентимизнинг шу йил 24 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятини муҳокама қилди.

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига қулай шароитлар яратилмоқда. Валюта бозорини либераллаштириш бўйича давлат иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишлари ижроси таъминланмоқда.

– Юридик шахслар ва фуқароларимиз томонидан кўтарилаётган кўплаб масалалар илдизи банкларга бориб тақалаётган, тизим фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни янада такомиллаштириш талаб этилаётган эди, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Адҳам Назирқулов. – Қарор билан дастлабки рухсатлар олишнинг саноқсиз тартиб-таомиллари бартараф этилиши, банк муассасасига мижознинг ҳужжатсиз кириши, ундан ташқари маслаҳатлар хизматлари очиқлиги таъминланаётганини эътиборга оладиган бўлсак, биз том маънода «янги банк маданияти»нинг шаклланишига тамал тоши қўйилганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Фракцияси аъзолари йиғилиш давомида «Рекрутинг фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам муҳокама қилди. Унда бозор шароитларига мувофиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, бандликка кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида рақобатбардош муҳитни яратиш масалалари илгари сурилган. Ҳужжат билан Ўзбекистонда рекрутинг агентликлари фаолияти билан боғлиқ муносабатлар қонунчилик билан тартибга солинади.

Мазкур қонун лойиҳаси Халқаро меҳнат ташкилотининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Конвенциясининг халқаро стандартларини ва рекрутинг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларни мамлакатимиз корхоналарида ҳамда чет элда иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга замин яратади.

Йиғилиш давомида бир қатор қонун лойиҳалари ва бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Ушбу масалалар юзасидан ЎзЛиДеП фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
9 046