Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2018 14:45 Чоп этиш версияси

Қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши муҳокамасига киритиладиган қонун лойиҳаларини муҳокама қилди. Хусусан, “Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 1877 ва 331-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.

“Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон қонунчилиги амалиётида биринчи марта 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 207-бандига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Йиғилишда рекрутинг фаолияти – иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш ва иш берувчилар учун кадрлар танлаш билан боғлиқ рекрутинг хизматларини шартнома асосида кўрсатиш бўйича юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти бўлиб, қонуннинг мақсади ушбу соҳадаги фаолиятни тартибга солишдан иборат экани таъкидланди.

Йиғилишда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг номини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Мазкур қўмита номи Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси деб ўзгартирилиши таклиф этилди.

* * *

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари ва бошқа муҳим ҳужжатлар депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

Фракцияси аъзолари «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 1877 ва 331-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини муҳокама қилиб, ўз нуқтаи назарини билдирди.

Қонун лойиҳаси «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатларни киритишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Маълумотларга кўра, 2016-2017 йилларда прокуратура органлари томонидан тадбиркорларга нисбатан 1621 жиноят иши қўзғатилган ва 1170 та иш бўйича тафтиш тайинлаган. Бу каби ҳолатлар тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати талабларига мутлақо зиддир.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида тафтиш муддати тафтиш ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари розилиги билан суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими билан амалдаги уч ойдан бир ой муддатга ўзгартирилиши белгиланган.

Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг процессуал механизмлари такомиллаштирилишига, иқтисодий жиноятларни тергов қилишнинг тезкорлигини таъминлашга хизмат қилади. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунга хилоф равишда жиноят ишларини қўзғатиш ҳолатларининг олдини олишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини оширишга кўмаклашади.

Гўзал Сатторова, ЎзА
3 292