ЎзА Ўзбек

24.08.2018 11:28 Чоп этиш версияси

Онлайн: Қонун нормаларига риоя қилинмасдан олинган далил инобатга олинмайди

Онлайн: Қонун нормаларига риоя қилинмасдан олинган далил инобатга олинмайди
Шахснинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши, яъни айбсизлик презумпцияси Асосий қонунда ўз ифодасини топган.

Жиноят-процессуал кодексининг 11-моддасида белгиланган қонунийлик талабларига суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан қатъий риоя этилиши зарур.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажариш ва унга риоя этишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул, яъни яроқсиз, деб топилишига олиб келади.

– Ушбу масалаларга Олий судда давом этаётган Пленум мажлисида “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамаси вақтида алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Олий суд масъул ходими Азиз Обидов. – Ўз навбатида, номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас.

Далиллар мақбуллигининг шартлари эса қуйидагилардан иборат: далил тегишли субъект томонидан, яъни далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинган бўлиши; фактга оид маълумотлар фақат Жиноят-процессуал кодексининг 81-моддасининг (далилларнинг турлари) 2-қисмида қайд этилган манбалардан олинган бўлиши; далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши; далилни олишда тергов ва суд ҳаракати жараёни ва натижаларининг қайд этилишига доир қонуннинг барча талабларига амал қилинган бўлиши шарт.

ЎзА
4 523