ЎзА Ўзбек

28.06.2018 11:32:05 Чоп этиш версияси

Онлайн: медиация институти нима?

Парламент юқори палатасининг ўн бешинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Сенаторлар айни пайтда “Медиация тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқмоқда. 

Қонун юзасидан сўзга чиққан сенатор Толиб Мадумаров судларга келиб тушаётган мурожаатларнинг ортиб бораётгани кузатилаётганини қайд этди: 

“Мисол учун, биргина фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман), шаҳар судларида кўрилган ишларнинг сони 2017 йилда 1 миллион 241 мингга яқин бўлган бўлса, 2018 йилнинг I чорагида 388 мингни ташкил этган. Бу эса судьялар иш ҳажмининг тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Ўз навбатида, бу улар томонидан қабул қилинаётган ҳал қилув қарорларининг сифатига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди”. 

Судьялар иш ҳажмини камайтириш, шу орқали одил судловни таъминлашнинг самарадорлиги ва сифатини оширишнинг муҳим усулларидан бири фуқаролик-ҳуқуқий низоларни судга қадар ҳал этишнинг муқобил усулларини, жумладан, медиация институтини ривожлантиришдир. 

Медиациянинг мақсади – низолашувчи тарафларнинг низоларини мустақил, ўзаро фойдали шартлар асосида ҳал этиш имкониятини топишга кўмаклашиш. Унинг асосий тамойилларига ихтиёрийлик, тарафларнинг тенглиги, бетарафлик, медиаторнинг холислиги, махфийлик кабилар киради. 

Медиаторлар далилларни текширмайди ва тарафларнинг талаблари қонунийлигига баҳо бермайди, аксинча тарафлар ўртасида бир-бирларини тушунишга, ўзаро мақбул шартларда муаммони ҳал этиш имкониятларини излаш ва ҳал этишга кўмаклашади. 

Қайд этиш жоизки, медиация жараёни, мажбурийлик кучига эга бўлмаган, тарафларнинг ихтиёрийлигига асосланган конфиденциал жараён. Бу низолашаётган тарафларнинг ўз ихтиёрларига кўра танлаб олинган, бетараф учинчи шахснинг воситачилигида, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низони ўзаро муроса - ярашув йўли билан ҳуқуқий асосда ҳал этишдир. 

Бетараф учинчи шахс – медиатор аслида судья ҳам, арбитр ҳам эмас ва келиб чиққан низо юзасидан ҳеч қандай мустақил қарор ҳам қабул қилмайди. Ҳакамлик судидан у айнан шу жиҳати билан фарқ қилади.