ЎзА Ўзбек

05.06.2018 12:41 Чоп этиш версияси

Онлайн хабар. Жиззах шаҳри ҳуснидаги доғ ёки фуқаронинг эътирози ўринсизми?

Онлайн хабар. Жиззах шаҳри ҳуснидаги доғ ёки фуқаронинг эътирози ўринсизми?
ЎзА мухбирлари Жиззах вилоятида

Заминга оқшом чўкканида Жиззах вилоятининг бош шаҳри Жиззах шаҳрига кириб келарканмиз, ўзимизни гўё эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этик. Турфа чироқларга безанган шаҳардаги замонавий бинолар одамнинг ҳавасини келтирар даражада эди.

Буни чинакам ўзгариш, ривожланиш, деса бўлади. Ажойиб таассуротлар билан меҳмонхонага йўл олдик. Эрталаб эса шаҳар ҳаёти, аҳолининг турмуш даражасини яқиндан билиш учун маҳаллалар сари йўл олдик. Шаҳар маркази кундузи ҳам оқшомдаги каби гўзал ва бетакрор. Ён-атрофда кўзга ташланаётган қурилиш ишлари жиззахликларнинг бунёдкорлик йўлидаги фидойилигидан сўзлаб турибди.

Ана шундай таассуротлар ила йўлда давом этарканмиз, йўл четидаги кўп қаватли уй эътиборимизни тортди. Бу ердаги ҳақиқий аҳволни билиш учун шу ерда тўхтаб, уйнинг ҳовлисига бордик. Бор-йўғи иккита йўлакдан иборат уйни кўздан кечирарканмиз, бу ерда анча муаммолар йиғилиб қолганига гувоҳ бўлдик. Биринчи йўлакдан ичкарилаймиз. Унинг таъмирталаб бўлиб қолганига амин бўлдик. Лифт орқали юқорига кўтарилмоқчи бўлдик.

Лифт тугмасини босамиз. Афсуски, садо йўқ. Демак, ишламайди. Юқорига кўтариларканмиз, юқоридан ўғли билан пиёда тушиб келаётган отахонга кўзимиз тушди. Афтидан кўзлари ожиз.

Тахминимиз тўғри чиқди. 75 ёшли Олим бобо Мирзаев кўзлари кўрмай қолган, биринчи гуруҳ ногирони экан. Мана шу 64-уйнинг 9-қаватида жойлашган 26-хонадонда истиқомат қилар экан.

Бобони суҳбатга тортар эканмиз, у журналист эканимизни билиб, ўз муаммоларини гапириб, кўзларига ёш олди. Минг азобда 9-қаватдан пастга тушиши-ю, уйига сув чиқмаслиги, кўзини даволатай, деса маблағи етишмаслигини билдирди.

Шу уйнинг 13-хонадонида истиқомат қилувчи 77 ёшли Нортожи буви 5-қаватга ҳар куни кўчадан сув ташир экан. Белидаги чурраси азоб берса-да шунга мажбур эканини, оилавий шароити ҳам ҳам оғирлигидан ёзғирди.

Шу уйнинг 1-қаватида яшовчи Ҳалима Эшбекова эса ёмғир ёғиб қолса, уйи сувга тўлишини айтди. Бунга уйнинг йўлагидан ўтган тарновнинг носозлиги сабаб бўлаётган экан.

Бор-йўғи 54 хонадондан иборат бу уйда шунча муаммо. Жиззах шаҳар марказидан нари борса бир қадам четроқдаги бу уйдаги муаммолардан, аҳолининг ҳолидан хабар олгувчи бормикин, деб ўйлаб қолдим.

Бу саволга жавоб топиш учун мазкур уй жойлашган “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинига йўл олдик.

–64-уй яқинда таъмирдан чиққан, – дейди маҳалла раиси Абдулла Ёриев. – 26-хонадонда яшовчи фуқарога келсак, унинг ўзи шикоятчи одам.

–Ким бўлишидан қатъий назар, ёши улуғ, кўзи ожиз отахоннинг юқори қаватдан пиёда тушишининг ўзи...

–Лифт масаласи пулга бориб тақалади. Буни ширкат ҳам, маҳалла ҳам ҳал қилиб бера олмайди.

– Маҳалла одамларга ёрдам бериш учун бу ишларга аралашмаса, ким аралашади?

– Биз ҳаракат қиляпмиз. Ширкатлар фаолияти энди ривожлантирилади.

Маҳалла раиси шу каби умумий гаплардан нарига ўтмади.

Энди Жиззах шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига юзланамиз. Жиззах шаҳар ҳокимининг ўринбосари Сойибжон Ортиқов 64-уй ҳақиқатан муаммоли эканини, улар босқичма-босқич ечилаётганини билдирди.

Биз шу уйдаги ёши улуғ инсонларнинг азият чекаётгани, уларга ёрдам қўлини чўзиш имкони бормикан, деган савол билан унга мурожаат қилдик. Ҳоким ўринбосари буни ўз назоратига олишини маълум қилди.

Кошкийди, шундай бўлса. Шаҳар ҳуснидаги бир доғ ювилса, ўксик кўнгиллар кўтарилса...

Норгул Абдураимова, ЎзА
7 341