Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.06.2018 15:37 Чоп этиш версияси

Қўшма рейд: Бирида яхши, бирида акси...

Қўшма рейд: Бирида яхши, бирида акси...
Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир. 
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Қўшма рейд давом этмоқда. Бундан олдин Жиззах вилоятидаги музейлар ҳолати, йўллар ва дам олиш сиҳатгоҳларининг умумий ҳолати юзасидан материаллар берган эдик. Айни пайтда мухбирларимиз вилоятнинг Мирзачўл тумани сари йўл олди.

Эслатиб ўтамиз, қўшма рейд Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда “Ишонч” газетаси ҳамкорлигида тайёрланмоқда. 

Жиззах шаҳрининг марказини Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшган давлат арбоби Шароф Рашидовнинг залворли ҳайкали безаб турибди. Бу буюк арбоб номи билан аталадиган кўча ўзининг ободлиги билан ажралиб туради.

Бу кенг кўчанинг икки ёни замонавий маъмурий бинолар, савдо комплекслари ва бошқа иншоотлар кўрган кишининг ҳавасини келтиради. Бу, албатта, нафақат жиззахликларнинг, балки бутун Ўзбекистоннинг ютуғи ва юзи.

Шу йўлдан фахр ила кетарканмиз, чиройли бинолар ортида нима борлиги, аниқроғи ҳаёт қандайлиги бизни қизиқтириб қолди. Йўлни шу томонга бурдик.

Афсуски, ўйлаганимдек бўлди. Бошқа асрга ўтиб қолгандек бўлдик. Йўллар ўйдим-чуқур, атроф нотоза, икки қаватли уйлар тўкилай деб турибди...

Бу Жиззах шаҳар Зилол маҳалласи экан. Маҳалладаги 1\9-уйга яқинлашарканмиз, ён-атрофнинг ахлат уйимларига тўлгани, уй атрофидаги ерларнинг қаровсиз ётгани, уйнинг фасад қисмидаги ёриқлар ва кўчган сувоқ излари дилни анча хира қилди.

Уйдаги 4-хонадон эшигини тақиллатдик. Ўзини Гулчеҳра Омонова деб таништирган уй бекасини суҳбатга тортдик.

Хонадон соҳибаси мутасаддилар ён-атрофдаги ободончилик ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани, буга бош бўлмаётганидан ранжишини маълум қилди. Уй ичида ҳам муаммолар йўқ эмас экан. Ичимлик суви гоҳ келса, гоҳ келмас экан.

Бу муаммолардан Жиззах шаҳар ҳокимлигининг хабари бормикан?

Жиззах шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Сойибжон Ортиқовга қўнғироқ қилиб, саволларимизга жавоб сўрадик.

– Мазкур маҳалла “Обод маҳалла” дастурига киритилган. Бу ерда ободончилик ишлари 2019 йилда амалга оширилади, – деди С.Ортиқов.

– Шу вақт келгунча одамлар шу аҳволда яшайверадими?

– Йўқ, албатта. Камчиликни тузатишга ҳаракат қиламиз. 2019 йилни кутмасдан бошқа имкониятларни ишга солиб, аҳолига қулайлик яратишга ҳаракат қиламиз.

Ҳа, ҳеч бўлмаса мутасаддилар камчиликни тан олиб, уни бартараф этишга ваъда бермоқда. Бу ҳам бир масъулият, албатта.

Лекин истагимиз Президентимиз айтганидек, халқимиз келажакда эмас, бугун яхши шароитда яшасин.

Норгул Абдураимова, ЎзА
4 312