ЎзА Ўзбек

24.08.2018 11:58 Чоп этиш версияси

Онлайн: Апелляция, кассация шикояти беришга кимлар ҳақли?

Онлайн: Апелляция, кассация шикояти беришга кимлар ҳақли?
Олий суд пленумининг мажлисида “Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамаси жараёнида бунга аниқлик киритиб ўтилди.

Мазкур қарор Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартишлар, суд амалиётида айрим масалалар келиб чиқаётгани сабабли ишлаб чиқилган.

Маълумки, апелляция, кассация инстанцияси жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг иши юқори инстанция судида қайта кўрилишига бўлган ҳуқуқлари таъминланишига қаратилган муҳим ҳуқуқий воситадир. 

4511040d-4ce4-4c6e-b58f-d27a5f23221c.jpg

Бундай тартибда иш юритиш маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти, шунингдек, прокурор ва унинг ўринбосари протести бўйича амалга оширилади.

Апелляция, кассация тартибида иш юритиш Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ҳукмнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин. Булар жумласига қонунда белгиланган тартибда процесснинг у ёки бу иштирокчиси сифатида эътироф этилмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар (гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар) киради.

Шу сабабли биринчи инстанция суди шикоят (протест)ни қабул қилиш пайтида апелляция, кассация шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт. Қонунга кўра, апелляция, кассация шикояти (протести) ҳукм чиқарган суд орқали берилади.

ЎзА
4 652