ЎзА Ўзбек

01.08.2018 11:04 Чоп этиш версияси

ОНЛАЙН: 23 нафар абитуриент имтиҳонга киритилмади​

ОНЛАЙН: 23 нафар абитуриент имтиҳонга киритилмади​

Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Самарқанд давлат университети академик лицейи ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи спорт мажмуаларида олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тест синовлари бошланди.

5.JPG

Бугун куннинг биринчи ярмида бу ерда Самарқанд давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширган абитуриентлар тест синови топшириши белгиланган.

6.JPG

Давлат тест маркази вакили Ф.Мирзаевнинг маълум қилишича, биринчи сменада имтиҳон топшириши белгиланган 3030 нафар абитуриентнинг 66 нафари турли сабабларга кўра тест синовларида қатнашмаган. Жумладан, 23 нафар абитуриент бинога олиб кирилиши тақиқланган ашёларни киритишга урингани учун синовлардан четлаштирилган, 4 нафари кечикиб келган.

7.JPG

– Самарқанд давлат тиббиёт институтининг педиатрия йўналишига ҳужжат топширганман, – дейди фарғоналик абитуриент С.Акромжонов. – Ҳозиргина имтиҳонга кириб чиқдим. Саволлар мураккаб эмас, дарсликларни ўқиган киши тестни ечишда қийналмайди. Ичкарида барча зарур шароит яратилган. Ҳеч қандай ортиқча ҳаракатлар, қоида бузилиши кузатилмаяпти. Барча жараёнлар юқори савияда ташкил этилган. Насиб этса, албатта талаба бўламан.

Учта бинодаги тест жараёнларини ота-оналар мазкур ҳудуд яқинида жойлашган Самарқанд тиббиёт институти клиникаси ва Сиёб тиббиёт коллежи ҳовлисида ўрнатилган мониторлар орқали кузатиб бормоқда. Ушбу мониторларда айрим носозликлар кузатилганда ота-оналар вакиллари тест синовлари кетаётган бинога кириб, жараённи бевосита кузатиб чиқиш имконига эга бўлди.

– Авваллари тест ўтказиладиган биноларда турли хил қинғир ишлар бўлиши ҳақида эшитардик, – дейди самарқандлик Х.Усмонов. – Лекин ҳозир ичкаридаги жараённи кузатиб, бу йил тест синовлари ҳақиқатдан ҳам шаффоф, адолатли ўтаётганига гувоҳ бўлдим. Энг билимли, зукко ёшлар қаторида менинг ҳам ўғлим талаба бўлишига ишонаман.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
14 647