Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 12:45 Чоп этиш версияси

Оналар қалби қувончга тўлди

Оналар қалби қувончга тўлди Самарқандда мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Аскар оналарини шарафлаймиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, маданият ва спорт ишлари, мудофаа ишлари бошқармалари, Самарқанд гарнизони қўмондонлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирга бошқа вилоятларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг оналари таклиф этилди.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Раббимова, Самарқанд гарнизони бошлиғининг ўринбосари Т.Холматов ва бошқалар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва миллий армиямиз салоҳиятини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун давлатимиз томонидан берилаётган имтиёз ва қулайликлар, замон талабларига мос хизмат ва яшаш шароитлари яратилиши фуқароларимизнинг ҳарбий хизматни ўташга бўлган ҳавас ва иштиёқини оширмоқда.

– Ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган юксак эътибор самарасида юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, – дейди пайариқлик Нигора Мардиева. – Ватан ҳимоясини таъминлашни ўз бурчига, ҳаётий шиорига айлантирган ҳарбийларимиз бор экан, бизнинг тинчлигимиз, фаровон турмушимизга ҳеч ким рахна сололмайди. Ўғлим муддатли ҳарбий хизматни давом эттиришга, мана шундай масъулиятли ва шарафли касбни эгаллашга қарор қилганидан қалбим ифтихорга тўлди. Бугун аскарнинг, Ватан ҳимоячисининг онаси, дея бизга юксак эҳтиром кўрсатилди. Бундай эътибордан бошимиз кўкка етди.

Тадбир ташкилотчилари оналарга ўзига хос байрам совғаси ташкил этди. Яъни қўшни вилоятлардаги ҳарбий қисмларда хизмат бурчини ўтаётган бир гуруҳ аскарлар келиб, оналари билан дийдорлашди.

– Байрамга таклиф этишганида ўғлим билан кўришишимни айтишмаганди, – дейди Самарқанд туманида яшовчи Гулшан Қодирова. – Тадбир пайти сафдошлари билан гулдаста кўтарганча пайдо бўлган ўғлимни кўриб, қувонганимдан кўзимга ёш келди. Ватан ҳимоячилари ва уларнинг ота-оналари шарафига айтилган сўзларни эшитиб, шундай юрт фуқароси эканимдан ғурурландим.

Тадбирда Самарқанд гарнизони офицерлар уйи оркестри ва самарқандлик хонандалар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
1 829






Все о погоде - Pogoda.uz