ЎзА Ўзбек

27.08.2018 18:17 Чоп этиш версияси

Она замин саховати

Гулистонда Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “Сирдарё қовуни, асали ва миллий таомлари: кеча, бугун ва эртага” деб номланган анъанавий сайл бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар қишлоқ хўжалигида ҳам юксак самаралар бериб, боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчилик, асаларичилик, балиқчилик каби тармоқларнинг жадал ривожланишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Сайлда вилоятнинг 3 шаҳри, 8 тумани, “Бек класстер” қўшма корхонаси томонидан 40 дан ортиқ навдаги қовун, ўнлаб навдаги тарвуз, узум, шафтоли ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, асал, 100 хилдаги миллий таомлар такдим этилди.

Буюк соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли Шоҳрухмирзо Темурийлар давлатига ҳукмронлик қилган йиллар Мирзачўл ерлари ўзлаштирилиб, Сирдарё бўйида тилими тилни ёрар қовунлар етиштирилган ва Мирзачўл қовунлари довруғи бутун Шарқ оламига таралган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг пахта якка ҳокимлигига барҳам берилди, натижада ғаллачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик, полизчилик, асаларичилик каби соҳалар ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Сирдарё ер бонитети, иқлим шароитига мос қадимий қовун навларини тиклаш, соҳага янги илмий асосланган технологияларни жорий этиш, илғор деҳқонларни рағбатлантириш баробарида улар тажрибасини оммалаштиришда вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган анъанавий сайл алоҳида аҳамиятга эга. Ана шундай изланишлар самарасида истиқлол йилларида 20 дан зиёд қовун нави қайта тикланиб, кўпайтирилди.

– Сирдарё заминида етиштирилган амири, оқ қовун, обиноввот, бўрикалла, босволди, кўкча, қорақанд каби қовун навларини Болтиқбўйи ва Европа давлатларида ҳам севиб истеъмол қилишади, – дейди Оқолтин туманидаги “Пахтазорда агросаноат” фермер хўжалиги раҳбари, экспортчи “Комилжон ЯТТ” масъулияти чекланган жамияти раиси Комилжон Ёқубов. – Хўжалигимизнинг умумий ер майдони 65 гектар. 25 гектарда ғалла етиштириб, давлатга дон сотиш режасини 117 фоизга бажардик. 40 гектар ерга экилган пахта ҳам баравж ўсмоқда. Ҳозир ҳар туп ғўзада 25-30 тагача кўсак бор. 25 гектар ерга экспорт учун қовун эккан эдик. Ана шу ва қўшни фермер хўжаликларидан сотиб олиб, 1 миллион 548 минг долларлик қовун, тарвуз ва бошқа полиз маҳсулотларини Европа давлатларига экспорт қилдик. Ғалладан бўшаган майдонга яна кузги қовун ва тарвуз экканмиз. Бу маҳсулотимизнинг ҳам асосий қисмини экспорт қилиш ва бир қисмини ички бозорга чиқаришни режалаштирганмиз.

Президентимиз жорий йил 13 апрель куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда асаларичиликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратиб, бир қатор тавсиялар берган эди.

– Бугунги сайлга пахта гули ширасидан тўпланган Сирдарё соф асали билан келдим, – дейди Ширин шаҳрилик асаларичи Қобилжон Боймуродов. – Ғўза гули асалари ёрдамида чангланса, ҳосилдорлик гектарига 2 ва ундан ортиқ центнерга ошади. Бу натижа вилоят, республика миқёсида олиб қаралса, жуда катта рақамлар ҳосил бўлади. Айни чоғда вилоятимизда асаларичилик билан шуғулланаётганлар сони 100 дан ошди. Тўғри, бу баъзи жойларга нисбатан кам бўлиши мумкин. Аммо, ишончим комил, Сирдарё асалининг довруғи дунёга танилади.

Сайлда вилоятнинг моҳир ошпазлари Сирдарёнинг ўзига хос қайлали ун оши, ҳалим, қотирма патир, ғилминди, юпқали шўрва, биқтирма, қозон патир, беш бармоқ, қуртава, палов, қуш тили ва бошқа 100 хилдаги таомларни намойиш қилди.

Ҳар бир шаҳар, туман ва корхоналар ўзлари учун ажратилган павильонда ўз ҳудудида етиштирилган маҳсулотлар ярмаркасини ташкил этди.

Вилоят санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастури сайлга байрамона кайфият бағишлади.

А.Қаюмов, ЎзА
2 764